Pirmuhammad Mirzo
Пирмуҳаммад Мирзо (1376 — 1407.22.2) — темурий шаҳзода. Амир Темурнинг набираси, Муҳаммад Жаҳонгир Мирзонинг ўғли. Отасининг ўлимидан 40 кун ўтгач, Бахт Мулк Оғо бегимдан туғилган. 1392-йилда Амир Темур Ғазна, Кобул, Зобулистон, Қандаҳор вилояти ва Синд, дарёсигача бўлган ерларни Пирмуҳаммад тасарруфига топширган эди. У бобоси Амир Темурнинг бир неча ҳарбий юришларида, жумладан, Ҳиндистон фатҳида қатнашган. Амир Темур вафоти олдидан Пирмуҳаммадни ўзига валиаҳд деб эълон қилган. Бироқ Пирмуҳаммадни бошқа темурий шаҳзодалар ва ҳатто Ўтрорда турган қўшин бошлиқлари (амир Шоҳ Малик ва Шайх Нуриддин ва бошқалар) ҳам тан олмаганлар. Ҳар бир вилоят ҳокими Соҳибқирон вафотидан сўнг ўз номидан танга зарб этиб, номини хутбага қўшиб айтадиган бўлган. Темурийлар тахтига Халил Султон ўтирган. У Пирмуҳаммадга қарши 1405-йил майда Султон Ҳусайн бошчилигида қўшин (30000 киши) тортган ва Балхни эгаллаган. Султон Ҳусайн Халил Султонга қарши исён кўтариб Самарқандга юриш қилган. Халил Султон уни 6-июлда Чекдолик (Шаҳрисабз жанубида)да тормор келтирган ва уни таъқиб этиб Балхни эгаллаган. Султон Ҳусайн Шопургон ва Андхуд ҳокими Сулаймоншоҳ (Амир Темурнинг жияни) ҳузуридан паноҳ топган. Пирмуҳаммад Сулаймоншоҳдан Султон Ҳусайнни беришини қаттиқ талаб қилган, рад жавоби олгач, унга қарши 3000 отлиқдан иборат қўшин жўнатган. Сулаймоншоҳ ва Султон Ҳусайн Ҳиротга, Шоҳрух ҳузурига қочиб боришган. Шоҳрух Пирмуҳаммаднинг талабини тўғри деб топган, Султон Ҳусайн қамоққа олиниб, қатл этилган ва унинг бош териси ичига сомон тўлғазилиб Пирмуҳаммадга жўнатилган. Пирмуҳаммад Сулаймоншоҳ устидан қозонган ғалабасидан кейин Балхни олган ва Мовароуннаҳрга қарши биргаликда курашиш учун Шоҳрух билан музокаралар олиб борган. Шоҳрух ундан юришни кечиктиришни сўраган, бироқ Пирмуҳаммад ўжарлик қилиб, Қарши томон ҳаракат қила бошлаган. 1406-йил 20-февралда Қарши яқинида Халил Султон билан жанг қилиб мағлубиятга учраган. Пирмуҳаммад Балхга қочган ва бир йилдан сўнг қотил Пир Али Тоз томонидан ўлдирилган. Шоҳрух Пирмуҳаммадни ўчини олиш мақсадида қўшин тортиб Балхни эгаллаб олган ва 1370-йил Амир Темур томонидан бузиб ташланган шаҳар қўрғонини қайта тиклаган.
Пирмуҳаммад 1407-йилда Пир Али Тоз томонидан ўлдирилган. Шоҳрух Пирмуҳаммаднинг ўлимидан сўнг, ўзининг қўшини билан Балхни қайта эгаллади ва Амир Темур томонидан 1370-йилда бузиб ташланган Балх шаҳрини қайта тиклади. Бу воқеа Темурийлар тарихида муҳим ўрин тутади, чунки уларнинг ички курашлари ва сиёсий ўзгаришлари ниҳоятида Мовароуннаҳрда юзага келган янги ҳокимият мувозанатини белгилаб берди.
Пирмуҳаммад Мирзо ҳаёти ва фаолияти, Амир Темур меросини сақлаш ва унга нисбатан ички курашлар ўртасидаги ўта мураккаб ва зўравон даврни ифодалайди. У ўзининг қисқа ва мураккаб сиёсий йўлида кўплаб курашларда иштирок этди ва ҳатто ўлими ҳам Темурийлар салтанати тарихига катта та'сир кўрсатди.
Адабиёт
- Файзиев Т., Темурийлар шажараси, Т., 1995[1].
- Абдураззоқ Самарқандий, Матлаи саъдайн ва мажмаи бахрайн, Т., 1969.
Манбалар
| Ушбу мақолада Ўзбекистон миллий энсиклопедияси (2000-2005) маълумотларидан фойдаланилган. |
| Ушбу мақола çаладир. Сиз уни бойитиб, ЗиёСферага ёрдам бериşингиз мумкин. Бу андозани аниқроғига алмаштириш керак. |