Питнак — Ўзбекистон Республикасининг Хоразм вилояти Тупроққалъа тумани ҳудудидаги шаҳар (1974-йилдан). Амударёнинг чап соҳилида жойлашган. Темир йўл стансияси. Вилоят маркази (Урганч шаҳри) гача 80 км. Аҳолиси 50 минг кишидан иборат,асосан, ўзбеклар (95%), шунингдек, қозоқ, туркман, рус, татар ва бошқа миллат вакиллари ҳам яшайди. Питнак тарихий жой номи бўлиб Беруний асарларида ҳам учрайди.

Питнак
шаҳар
41°13′20″Н 61°18′24″Э / 41.22222°Н 61.30667°Э / 41.22222; 61.30667
Мамлакат Ўзбекистон
вилоят Хоразм вилояти
туман Тупроққалъа тумани
Аҳолиси
 (2025)
50 000
Вақт минтақаси УТC+5
Телефон коди +998
Почта индекс(лар)и 220400
Pitnak xaritada
Pitnak
Питнак

Питнак воҳаси суғориш учун қулай бўлганлиги сабабли бу ерларда мил. аввалги асрларда ҳам одамлар яшаганлиги маълум (Капарас, Элҳарас, Ҳумбузтепа каби калъа ва тепаликлар ўрнида олиб борилган археологик қазишмалар буни тасдикдайди). 16-аср бошларида Хива хонлиги ташкил топганда Питнак воҳаси ноиблик бўлган. 1873-йилда Кауфман бошчилигидаги рус қўшинлари Питнак ни ҳам босиб олишган. 1920-йилгача ноиблик бўлиб турган. 1920—27 йилларда эса туман мақомини олган. Кейинроқ шу атрофдаги 4 та қишлоқ бирлаштирилиб Питнак деб аталган. 1924-йилнинг бошида Питнак да шўролар ҳокимиятига қарши қўзғолон бўлиб ўтган. "Питнак" сўзи қад. хоразмий тилида "Пита — ер, тақир, нак — кичик, яъни "кичкина ер" маъносида ишлатилган. 1969-йил Туямўйин гидроузелини қуриш бошланиши жараёнида Питнак қишлоғи ёнидаги дашт ерда Дружба шаҳри қуридди. 1992-йил 16-мартда ён атрофдаги Соримой, Тупроққалъа ва Питнак қишлоқлари ҳам Дружба шаҳри кенгашининг маъмурий қарамоғига ўтказилди ва 1998-йилгача шу ном (Дружба) билан юритилди.

Питнак да 6 та саноат корхонаси, 16 та қурилиш, 7 та транспорт ва алоқа, 7 та савдо ва маиший хизмат, 200 та ўрта ва кичик бизнес, 2 та қўшма корхоналари, Хоразм автомобил ишлаб чиқариш бирлашмаси, Туямўйин ГЕС, "Туямўйин — Урганч" сув тозалаш ин-шооти, шакарқанд, пахта тозалаш заводлари ва бошқа йирик корхоналар мавжуд.Питнак шаҳри Хоразм вилоятининг саноат маркази ҳисобланади.

Шаҳарда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишловчи заводлар ва йирик сехлар ишлаб турибди. Питнак ҳудудидан темир йўл, республика аҳамиятидаги Урганч—Тошкент магистрал автомобил йўли ўтган. 19 умумий таълим мактаби, лицей-интернат, касб-ҳунар мактаби, маданият уйи, кутубхона бор.[1]

Манбалар

  1. ↑ ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил