Плеоназм (юн. плеонасмос — ортиқчалик) — бир хил ёки синонимик ифода воситаларининг (тил бирликларининг) семантик жиҳатдан такрор ҳолда қўлланиши. П. тежамлилик принсипига зид ҳодисадир. Бироқ шунга қарамай у услубий вазифа бажаришга асосланади. Плеонастик қўлланиш учун шаклий такрор асосий мезон бўла олмайди, балки мавжуд маънонинг қайта такрорланиши асосдир. Нутқда такрорланаётган бирликларнинг тури (қўшимча, сўз, гап)га қараб, П.ни қуйидаги турларга ажратиш мумкин: 1. Лексик П.лар; 2. Семантик П.лар; 3. Аффиксал П.лар; 4. Лексик-аффиксал П.лар. 5. Синтактик П.лар.

Агар синоним ёки семантик жиҳатдан яқин бўлган сўзлар лексик бирлик сифатида бирикиб, ўзаро аниқловчи — аниқланмиш муносабатида бўлса, улар лексик П.лар ҳисобланади: кўппак ит, туз намак, интервал оралиғи, майда микроблар каби. Бундай тавтологик характердаги П.лар кўпинча ўзлашма сўзнинг маъносини тўла англамаслик ёки ҳисобга олмаслик натижасида унга шу сўзнинг ўзбекча синонимини қўшиш туфайли вужудга келади. Баъзи лексик П.ларда айнан бир тушунчанинг такрори мавжуд бўлса-да, ўзлашма сўз семантикасида маъно силжиши рўй беради: бош-оёқ сарпо (форсча "сар-по" — бош-оёқ), лаҳм гўшт (араб. "лаҳм" – гўшт).

Ўзбек тилида семантик П. ҳам кенг тарқалган: оёқ билан тепмоқ, кўз билан кўрмоқ, қари чол, махфий сир каби (тепиш оёқ орқали, кўриш кўз орқали содир бўлиши; чол бўлгач, унинг қарилиги, сир бўлгандан кейин махфийлиги аниқ нарса). Мазкур мисоллардаги семантик ортиқчаликлар нутқда таъсирчанликни, таъкидни ошириш мақсадларига хизмат қилади.

Аффиксал П.лар қўшимчаларнинг такрорланиши натижасида вужудга келади: куйлашайликкуйлайлик, кўкимтирроқ (-имтир ва роқ), синглиси (-и ва -си) ва бошқа лексик-аффиксал П.ларда ўзак-негиз англатган маъно қўшимча орқали яна такрор ифодаланади. Мас, тўқайзор, ўрмонзор сўзларининг ўзагида ўрин маъноси ҳам, жамлик маъноси ҳам англашилади. Кулолчи, омборхона, ётоқхона сўзларида ҳам плеонастик қўлланиш кузатилади. Бундай ҳолларда плеонастик қўлланишга ҳожат йўқ. Тил доимо ўта аниқликка интилар экан, унда ортиқчаликнинг юзага келиши табиийдир. Ортиқчаликлар эса кўпинча услубий вазифа учун хизмат қилади. Тавтология ҳам П.нинг бир кўриниши ҳисобланади.

Неъмат Маҳкамов.[1]

Манбалар

  1. ↑ ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил