Plutarx

Плутарх (Плутарчос) (тахминан 46, Херонея, Беотия — тахминан 127) — қадимги юнон тарихчиси, файласуф ва ёзувчи. Афинада таҳсил олган. Умрининг кўп қисмини она шаҳрида жамоат ва маърифатпарварлик ишлари билан ўтказган. Платон академиясининг кўзга кўринган аъзоларидан бири сифатида платонизм ғояларини тарғиб қилган.Айни пайтда муайян даражада стоицизм, перипатетизм ва, жумладан, пифагореизм таъсири остида ҳам қолган. П. таълимотида кўпроқ ахлоқ-одоб, инсонпарварлик масалалари етакчилик қилган ва олим фалсафани инсонлар учун ўз-ўзини маънавий шакллантириш воситаси деб билган. П.дан бой адабий ва фалсафий мерос қолган. Бироқ унинг номини машҳур этган етакчи мерос — тарихий-биографик асарлар ҳисобланади. Ушбу асарлар "Қиёсий ҳаётномалар" умумий номи билан шуҳрат топган. Мазкур асарларда Лисандр ва Сулла, Китон ва Ликулл, Никий ва Красе, Агесилай ва Помпеи, Александр ва Сезар, Демосфен ва Сицерон сингари машҳур юнон, Рим давлат ва сиёсий арбоблари, сар-кардалари ва нотиқларининг ҳаёт йўллари, хулқатвори, турмуш тарзини қиёслаш йўли билан таржимаи ҳоллари баён қилинган. Бадиий-тарихий аҳамиятга молик П. биографик асарларида Қадимги Эрон, Парфия ва Суғдиёна сингари Шарқ мамлакатлари ижтимоий-сиёсий ҳаётига доир маълумотлар ҳам ёритилган. П. илгари сурган инсонпарварлик, маърифатпарварлик ғоялари кейинги даврларда анчагина илғор тафаккур вакилларига маълум даражада ўз таъсирини ўтказган.
Манбалар
- Избранниэ жизнеописания, т. 2, М., 1990.
Ҳаволалар
| Викииқтибосда Плутархга тегишли иқтибослар мавжуд. |
| Ушбу мақолада Ўзбекистон миллий энсиклопедияси (2000-2005) маълумотларидан фойдаланилган. |
| Ушбу мақола çаладир. Сиз уни бойитиб, ЗиёСферага ёрдам бериşингиз мумкин. Бу андозани аниқроғига алмаштириш керак. |