Пномпен — Камбоджа пойтахти, Тонлесап дарёсининг Меконг дарёсига қуйилиш жойидаги порт. Иқлими субекваториал, муссонли икдим. Январнинг ўртача температураси 24,6°, июлники 27,5°. Йиллик ёғин ўртача 1470 мм. Аҳолиси 920 минг киши (1990-йиллар ўрталари), аксари кхемерлар. Транспорт йўллари тугуни. Транспорт йўли орқали Кампонгсаом порти ва Бангкок шаҳри билан боғланган. Аэропорти халқаро аҳамиятга эга. Кема ва автомобил таъмирлаш, тайёр қисмлардан автомобил йиғиш, озиқ-овқат, ёғочсозлик, тамаки, тўкимачилик саноати корхоналари, иссиқлик электр стяси бор. Қурилиш материаллари ишлаб чиқарилади.

Ривоятга кўра, П. ХИВ асрда вужудга келган. 1443-йилдан мамлакатнинг вақтвақти билан, 1866-йилдан эса доимий пойтахти. Меъморий ёдгорликларидан Пном ибодатхонаси, Қирол саройи мажмуаси ва бошқа сақланган. П. — мамлакатнинг маданий ва илмий маркази: 3 университет, олий техника институти, иқтисодиёт институти ва бошқа олий ўқув юртлари, илмий жамиятлар, музейлар, кутубхоналар, театрлар бор.[1]


Манбалар

  1. ↑ ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил