Поэтика (юн. поиэтике — поэтик санъат) — бадиий асарларда ифода воситалари тизими ҳақидаги фан, энг қад. адабиёцҳунослик фани. Кенг маънода П. адабиёт назарияси тушунчасига тўғри келади. Адабиёт назарияси сифатида П. адабий тур ва жанрлар хусусиятини, оқим ва йўналишлар, услуб ва методларни ўрганади ҳамда бадиийлик даражаси ўртасидаги ички боғланиш ва ўзаро муносабат қонуниятларини тадқиқ этади.

П. 3 таркибий қисмдан иборат: умумий П., тавсифий (хусусий) П., тарихий П. Умумий П. ҳар қандай асарнинг бадиий воситалари ва қурилиш қонуниятларини жанрга, адабий тур ва жинсларга қараб муаллиф ниятининг мужассамланиш усулларини тадқиқ этади. Тавсифи й П. айрим олинган бир муаллиф асарларининг ёки даврлар ва йўналишларнинг ўзига хос хусусиятларини аниқлайди. Тарихи й П. бадиий воситалар тараққиётини (образли ифодалар, шакллар, қофиялар) ва категорияларни (бадиий қилиб берилган замон, макон, ритм) ўрганади.

„П“. термини дастлаб Аристотелнинг „Поэтика“ асарида қўлланган. Бу асар бадиий асар ва унинг тилига оид назарий масалаларни ёритишда дастлабки асарлардан ҳисобланади. Асарда юнон адабиётидаги илк реализм назарияси ҳақида маълумот берилган. Буюк ватандошимиз Абу Наср Форобий ҳам ушбу асар таъсирида „Шоирлар санъати қонунлари ҳақида рисола“сини ёзган. Реалистик адабиётнинг классицизм босқичи ҳақидаги назарий масалалар франсуз олими ва шоири Н. Буалонннг „Поэтик санъат“ асари (1674)да ёритилди. Буало бу асарида классицизм поэтикаси асосларини яратди, бу оқим учун хос бўлган хусусиятларни очиб берди ва уларни бадиий ижод қонуниятлари сифатида талқин қилди. Классицизм назариясининг догматик ғояларига қарши курашда франсуз ёзувчиси ва файласуфи Д. Дидронинг „Драматик поэзия ҳақида“ (1758), Г. Лессингнинг „Гамбург драматургияси“ (2 ж.ли, 1767—69) асарлари вужудга келди. Бу асарларда ижодда эркинлик, ҳаётий ҳақиқат масалалари, ҳаётни динамик тарзда тасвирлаш талаблари назарий асосланди.

Мусулмон Шарқи адабиётида П. 3 қисмдан: 1) илми аруз, 2) илми қофия, 3) илми бадиъдан иборат махсус фан сифатида шаклланган ва бу фаннинг мазкур йўналишлари бўйича кўплаб илмий асарлар яратилган (Шайх Аҳмад Тарозийнинг „Фунун ул-балоға“, Атоуллоҳ Ҳусайнийнинг „Ба-доиъ уссанойиъ“ ва бошқалар).

Адабий-бадиий мезонлар, яъни П.нинг муайян қонун-қоидалари айрим адабий йўналиш, оқим ва мактабларда, алоҳида халқларда (тасаввуф шеърияти П.си, халқ достончилиги П.си, маърифатпарварлик адабиёти П.си, Шарқ адабиёти П.си, узбек адабиёти П.си каби), ҳатто буюк қалам соҳиблари ижодида пишган, пухта ишланиб, сайқал топган (Навоий П.си, Бобур П.си, Қодирий П.си ва бошқалар).

Узбек филологияси тарихида П. бўйича дастлабки кузатишлар „Қутадғу билиг“ (Юсуф Хос Хожиб), „Девону луғотит-турк“ (М. Кошғарий) асарларидан бошланган. Шеър назариясини ривожлантиришда Навоийнинг „Муҳокамат ул-луға-тайн“, „Мезон ул-авзон“, Бобурнинг „Мухтасар“ асарлари муҳим рол ўйнади. Адабиёт ва санъатнинг юксак бадиийлиги, гоявийлиги учун кураш борган ва бо-раётган кейинги даврларда узбек адабиёцҳунослари ҳам П. масалаларини тадқиқ этишга катта эътибор бердилар. Навоий ижоди П.сини ўрганишда В. Зоҳидов, М. Шайхзода, А. Ҳайитметов, Ё. Исоқов ва бошқаларнинг тадқиқотлари, Қодирий, Ойбек, Абдулла Қаҳхрр романлари П, си бўйича М. Қўшжонов, У. Норматов ва бошқаларнинг, узбек шеърияти П.си ҳақила О. Шарафиддинов ва бошқаларнинг тадқиқотлари муҳим аҳамиятга эга. Узбек фолклори намуналари П.си ҳам тадқиқ этилмоқда.

Султонмурод Олим.[1]

Манбалар

  1. ↑ ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил