Poya
Поя (cаулис) — ўсимликнинг шох, барг ва гуллари жойлашган асосий ўқи. Бўғим (барг ўрни) ва бўғим оралиқларидан иборат. Поя илдиз билан барглар орасида моддалар ҳаракатини таъминлайди. Баъзи ўсимликларнинг пояси метаморфозлашган (шакли ўзгарган) бўлиб, сув ва озиқ моддаларни тўплаш (картошка), ҳимоя (дўлана ва янтокларнинг тиканлари), илашиш (ток ва ошкрвокларнинг жингалаги), вегетатив кўпайиш (ажриқ, қулупнай поялари) вазифаларини бажаради. Бир йиллик ва кўп йиллик, ер устки ва ер остки, ёғочлашган ва ёғочланмаган поялар бор. Поялар силиндрсимон, кўп қиррали, ясси, ғадир-будур ёки силлиқ бўлади. Асосан, учидаги ўсиш конуси ҳужайраларининг бўлинишидан поя бўйига ўсади; баъзи ўсимликлар (масалан, ғалладошлар) пояси бўғим оралиғининг узайишидан ҳам усади. Поянинг бўйи, йўғонлиги турлича бўлади. Йўсинлар поясининг узунлиги бир неча см, диаметри бир неча мм, секвойялар поясининг узунлиги 150 м, диаметри 10-12 м. Лианалар пояси 200-300 м келади. Поянинг анатомик тузилиши систематик гурухларига кўра, содда ёки мураккаб бўлади. Масалан тубан йўсинлар пояси фақат бир хил паренхима ҳужайраларидан, поябаргли юсинларда эса қобиқ ва сув ўтказувчи тўқимадан, плаунлар пояси ксилема ва флоэмадан иборат ўтказувчи тўқимадан тузилган. Қирқбўғимлар поясининг ичи ғовак бўлиб, ўтказувчи тўқималар айлана жойлашади. Қирққулоқлар поясининг маркази нарвонсимон жойлашган трахеидалардан тузилган ксилема элементларидан иборат; уни флоэма пардаси ўраб туради. Бундан ташқарида бир неча қават ҳужайралардан тузилган перицикл жойлашган. Мана шу марказий силиндр бирламчи қобиқ, ташқи томондан эпидермис билан ўралган. Бирламчи қобиқнинг энг ички-перицикл билан чегарадош қавати эндодерма деб аталади. Уруғли ўсимликлар поясининг пўстлоғи остида паренхима ҳужайраларидан иборат бирламчи қобиқ бўлиб, унинг эндодермаси марказий силиндрни ўраб турувчи перицикл билан чегараланади. Поянинг дастлабки ривожланиш босқичида перицикл остида юпқа пардали узунчоқ ҳужайралардан иборат ҳосил қилувчи тўқима-прокамбий вужудга келади. Прокамбий ҳужайраларининг бўлиниши натижасида бирламчи ксилема ва бирламчи флоэма ҳосил бўлади. Икки паллали ва очиқ уруғли ўсимликларда эса бирламчи ксилема ва бирламчи флоэмадан ташқари иккиламчи ҳосил қилувчи тўқима-камбий ҳам вужудга келади. Кўпчилик бир паллали ўсимликлар поясининг марказий қисми паренхима ҳужайраларидан тузилган бўлиб, уларнинг орасидан ўтказувчи най — толалар тутами ўтади. Бир паллали ўсимликлар поясида камбий ҳосил бўлмагани учун йўғонлашув хусусиятига эга эмас. Алоэ, юкка, драцена каби айрим бир паллали ўсимликларнинг пояси фақат перициклда вужудга келадиган иккиламчи ҳосил қилувчи тўқима ҳисобига йўгонлашади. Ер остида жойлашадиган барги редуксияланган поя одатда, илдизпоя дейилади[1].
Манбалар
| Биологияга оид уşбу мақола çаладир. Сиз уни бойитиб, ЗиёСферага ёрдам бериşингиз мумкин. |