Примитивизм - ХИХ аср охири ХХ аср бошларида юзага келган авангард санъат оқими; бадиий воситаларни соддалаштириш ва примитив шакллар (ибтидоий давр, маданий жиҳатдан ривожланмаган халқлар санъати, халқ ижоди ҳамда болалар расми)га мурожаат этувчи йўналиш. Рассомларнинг замонавий воқеликдан норозилиги натижасида ҳаётдан қочиб санъатнинг илк даврларига қайтиши примитивизмнинг кенг тарқалишини таъминлади. Примитивизм ҳамма халқлар санъатида мавжуд. Примитивизм шунингдек, санъатга дахлдор бўлган, бироқ, профессионал таълим олмаган, халқ ичидан чиққан ҳаваскор рассомларнинг услубини ҳам ифодалайди. Примитивизм янги дунё маданиятидан ҳоли бўлган, ундан "соф" санъат сифатида тарғиб қилинди. АҚШда содда портрет ва маиший расмлар, Россияда лубок шу йўналишдаги асарлардир. Анри Руссо (Франсия), Н. Пиросманашвили (Грузия), И. Генералич (Хорватия) ва бошқаларнинг асарлари борлиқни эркин, болаларча содда идрок этиши билан диққатга сазовор. Примитивизм профессионал ижодкорлар (П. Гоген, Н. С. Гончарова, М. Ф. Ларионов ва бошқалар) услубига ҳам таъсир кўрсатган.

Ўзбекистонда примитивизм ХИХ аср 2-ярмида маҳаллий халқ санъати вакиллари (Ахмад Дониш, Уста Шокирбой, С. Почаев, Н. Ҳафизов ва бошқалар) ижодида аниқ сезилади. ХХ асрнинг 70—80-йилларидан бу санъатга қизиқиш ортди.[1]

Манбалар

  1. ↑ ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил