Қаламча — ўсимликларни вегетатив усулда кўпайтириш учун кесиб олинган яшил ёки куртакли етилган қаттиқ новдача. Қ. соф навли, юқори сифатли ўсимликлардан тайёрланади. Қ.нинг поя вабаргли (яшил) турлари мавжуд. Поя Қ.лар, асосан, бир йиллик новдалардан кузда (мас, ток, атиргул, анор, анжир) ёки баҳорда (терак) тайёрланади. Кузда дарахтлар барги тўкилганда олингани кузги Қ, барг чиқарганда олингани ёзги ёки яшил Қ. дейилади. Терак, ток Қ узунлиги 35—40 см, диаметри 2 см (қалам йўғонлигида) бўлиши лозим. Ерга кўмиб сақланади, эрта баҳорда очиқ ерларга экилади (атиргул Қлари қумга кўмиб сақланади). Яшил Қ. учун баргли новдалардан фойдаланилади (5—10 см), айрим ҳолларда битта куртакли пўстлоқ қисми ёғочи билан кесилади. Шунингдек, пайванд қилишда куртаклар олиш учун тайёрланган бир йиллик новдалар ҳам Қ. дейилади.