Qaligul avliyo
Қалигул авлиё (қирғизча: Калыгул олуя; 1785, ҳозирги Иссиқкўл тумани, Қора-Ой қишлоғи — 1855, Чўлпонота) — қирғиз халқига кенг танилган мутафаккир, насиҳатгўй шоир. „Замон“ адабий оқимининг йирик вакилларидан бири ҳисобланади[1].
Қалигул авлиё жамият, турмуш, ҳаёт, урф-одат ва тирикликнинг турли жиҳатлари ҳақидаги фикр-мулоҳаза ва хулосаларини „масаллар“ деб атаб, уларни ҳикматли сўз, васият тарзида, қофиялаб етказиб беришга уринган. Шу хусусияти билан доно, авлиё сифатида танилган. Бошқа шоирлардан фарқли равишда, катта йиғинларда достон айтмаган, айтишувда қатнашмаган, қовуз чалмаган. Ўз асарларини ҳикмат, термалар, васият сўзлар шаклида, оҳангсиз айтиб берган[2].
Таржимаи ҳоли
Қалигул авлиёнинг ҳаёти ва ижоди ҳақида аниқ маълумотлар жуда кам. 1785-йилда Иссиқкўлнинг кунчиқар қирғоғида туғилган, айрим манбаларда (Шаршенбек Умоталиев, Иброҳим Абдираҳмонов) Қошқар воҳаси деб кўрсатилади. Отаси — сарибоғиш уруғининг бийи, исми Бай бўлган, бобоси эса — Дўлўт. Байнинг беш ўғли бўлган: Медет, Бердиш, Бердике, Қалигул ва Жигитек.
Қалигул авлиё 6–7 ёшидан бошлаб ўз қишлоғидаги Сопу ота номли катта домладан таълим олган. Асарларидаги маълумотларга қараганда, шарқ халқларининг адабиёти, маданияти ва тарихи билан яхши таниш бўлган. Ўрта Осиёдан Хожа Аҳмад Яссавий ва Сўфи Оллоёр каби машҳур шахсларнинг асарлари ва фалсафий қарашларини, тасаввуф таълимотини чуқур ўзлаштиргани кўринади. Қалигул ёшлигидан эл орасида танилиб, обрўси ошган[3].
Ижоди
Қалигул авлиё ғояларини айрим шоирлар давом эттирган бўлса, яна бир қисми унинг „Охир замон“ йўналишидаги асарлари билан ҳамоҳанг асарлар ёзган. Унинг масаллари турли мавзу ва йўналишларни қамраб олади ва ўзига хос хусусиятга эга. Масаллари яхлит давомли асар эмас, балки ҳар бири қисқа, лўнда, хулоса тарзида берилган кичик фикр-мулоҳазалардан иборат. Ҳаётнинг турли қирраларини ёритиб, жамият ва инсон ҳаётидаги ижтимоий аҳамиятга эга масалаларни кўтаради. Яхшилик ва ёмонлик, саховат ва бахиллик, ҳаёт ва ўлим, сахийлик ва хасислик, хулқ-атвор одоби, оила ва қариндошлик муносабатлари, ҳаёт қонунияти, гўзаллик ва чирой каби мавзуларда фикр билдирган.
Ижодига хос ўзига хос фалсафий, ижтимоий қарашлар ва лўнда хулосалар бор. Унинг асарлари мазмуни билангина эмас, шакли ва тузилиши жиҳатидан ҳам тўқима достон анъанасидан фарқ қилади: 7–8 бўғинли анъанавий ўлчов доимо сақланмай, кўпроқ 4–5 бўғинли қисқа тузилма устун келади[4].
Манбалар
- ↑ „Личность Кыргызстана: Кыргызский Нострадамус Калыгул Бай уулу“ (ру). лимон.кг (2015-йил 25-ноябр). Қаралди: 2026-йил 25-апрел.
- ↑ Осмонакун Ибраимов. „Доордун добушун тыңшаган Калыгул олуя“ (кй). азаттйк.орг (2012-йил 15-декабр). Қаралди: 2026-йил 25-апрел.
- ↑ „Калыгул Бай уулу жөнүндө 13 факты. Аркасында жалы, көзүндө калы менен туулган олуя“ (кй). спутник.кг (2021-йил 22-май). Қаралди: 2026-йил 25-апрел.
- ↑ „КАЛЫГУЛ ОЛУЯ“ (кй). азаттйк.орг (2004-йил 22-май). Қаралди: 2026-йил 25-апрел.