Қандолатчилик, ширапазлик — ҳунармандчиликнинг маҳаллий шакарпазлик маҳсулотлари, маҳаллий ширинликлар, қандқурслар тайёрланадиган соҳаси. Шарқ мамлакатларида қадимдан ривож топиб, айниқса, ўрта асрларда кенг тарқалган. Ўрта Осиёнинг Бухоро, Самарқанд, Хива, Тошҳовуз, Хўжанд, Қўқон, Чимкент, Тошкент сингари йирик шаҳарларида қандолатчилар шинни, асал, турли меваларнинг шираларидан, шунингдек, ун, кунжут, ўрик, бодом мағизи, ёнғоқ ва бошқалардан фойдаланиб, турлитуман обаки, ҳолва, новвот, печак, пашмак, парварда, нишолда, мурабболар, атиргул гул баргларини шакар билан аралаштириб гулқанд, муз билан шинни ёки мева шарбатини қўшиб музқаймоқлар тайёрлаганлар. Шаҳарларда, йирик қишлоқ бозорларида қандолатчилик расталари бўлган. Қандолатчилар 4—5, баъзан 10—12 кишилик устахоналарга уюшган, уларнинг дўконлари, асосан, хонадонларда ҳовлининг бир қисмини ташкил этган. Қандолатчиларнинг асбоблари чўян ва мис қозонлар, мис товоқтоғора, ёғоч қоргич, чилчўп, тарози кабилардан иборат бўлиб, каттакичик ўчоқлар, узум шираси олинадиган махсус қурилмалардан фойдаланганлар[1].

Крансекаке Скандинавияликларнинг миллий ширинлиги.

ХХ асрнинг 20-йилларидан қандолатчилик маҳсулотлари (конфет, шоколад, монпасе ва бошқалар) ишлаб чиқарадиган йирик фабрикалар пайдо бўлиши билан (мас, Тошкентда 1922-йилда „Ўртоқ“ қандолатчилик фабрикаси ишга туширилди). Қандолатчиликнинг ҳунармандчиликда касб сифатида фаолият соҳаси бир қадар қисқарди, аммо шунга қарамай саноат усулида ишлаб чиқариш мумкин бўлмаган ёки даромадли бўлган ширинликлар турларини ишлаб чиқариш сақланиб қолди ва ривожланди. 90-йиллар бошидан шаҳар ва қишлоқларда қандолатчиликда якка тадбиркорлар ва хусусий корхоналар фаолият қўрсата бошлади, қандолатчилик маҳсулотларининг тур таркиби ва бозорда сотилиши миқдори кўпайди. Ҳозирги даврда қандолатчиликда шакарли маҳсулотлар билан бирга ундан тайёрланадиган маҳсулотлар (печене, вафли, торт, кекс, пирожний ва бошқалар)нинг кўп турлари ишлаб чикарилади[1].

Манбалар

  1. ↑ 1,0 1,1 Аҳроров, Умид. „Қандолатчилик“ ЎзМЕ. Қ-ҳарфи (Wайбаcк Мачине сайтида 2022-02-03 санасида архивланган) Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил