Қасида (араб тилидан олинган бўлиб — кўзламоқ, ният қилмоқ маъносини англатади) — Шарқ мумтоз адабиётидаги шеърий жанрлардан бири. Қасида бирор шахснинг (кўпинча ҳукмдорнинг) мадҳига бағишланган. учун кўтаринки, тантанавор оҳанг хос. Ҳажми 20 байтдан 200 байтгача бўлиши мумкин. Ғазалга ўхшаб қофияланади (аа, ба, ва, …). Композицияси ғазалга нисбатан мураккаб бўлиб, насиб (ёки ташбиб) деб аталувчи лирик муқаддима, гурезгоҳ (қочиш жойи; насибдан асосий қисм — мадҳга ўтиш вазифасини бажарувчи байт ёки байтлар), мадҳ (мақтов) ва мамдуҳ (мақталаётган шахс) ҳақидаги дуо ва матлабни ўз ичига олувчи хулоса қисмлардан иборат. Қасида мазмунига кўра, Қасидайи баҳория, Қасидайи ишқия, Қасидайи ҳолия (ўз аҳволидан шикоят тарзида), Қасидайи ҳамрия (май билан боғлиқ тасвир), Қасидайи ҳазония (куз тасвири), Қасидайи фахрия (шоирнинг ўз истеъдодидан фахрланиши), Қасидайи ҳажвия типида бўлиши мумкин. ХИ—ХИИ асрлардан унинг мазмун ва мавзу доираси кенгайиб, фалсафий, ахлоқий, ижтимоий қасидалар ҳам ёзилган (масалан, Унсурий, Анварий, Хоқоний қасидалари).

Ўзбек мумтоз қасидалари араб ва форс қасидачилиги заминида юзага келган, унинг илк намуналари „Девону луғотит турк“да учрайди. ХВ асрда Саккокий, Лутфий, Гадоий, Амирийлар ижодида қасида ўзининг юқори босқичига кўтарилган. Айниқса, Саккокий яратган қасидалар алоҳида ажралиб туради. Унинг девонида 10 та қасида бўлиб, ундан 4 таси ҳукмдор ва олим Мирзо Улуғбекка бағишланган. Алишер Навоийнинг оригинал композиция ва услубга эга бўлган „Ҳилолия“, катта ижтимоий мазмун ташувчи „Туҳфат улафкор“ („Ситтайи зарурия“дан) қасидалари машҳурдир. Кейинги даврда ўзбек адабиётида Мунис ва бошқалар шоирлар ҳам бу жанрга мурожаат қилганлар.

Ҳозирги ўзбек адабиётида ҳам қасида жанрида бир қанча асарлар яратилган (Ғ.Ғулом, Ҳ.Олимжон, Т. Тўла, Э.Воҳидов, А.Орипов ва бошқалар).

Луғавий маънолари

Қасида — [ قصىده ] — арабча „қасд“ сўзидан олинган бўлиб, „мақсад“, „ният“, „бирор  ишга қасд қилиш“ маъноларини билдиради. Назмий асар тури. Шарқ мумтоз адабиётидаги шеърий жанрлардан бири, кўпинча бирор шахснинг мадҳига бағишланадиган, шунингдек, фалсафий, ахлоқий-дидактик, ижтимоий мазмундаги, кўтаринки, тантанавор оҳангли, ғазалга ўхшаб қофияланади, ҳажми 20 байтдан 200 байтгача бўладиган шеърий асар[1].

Ёзилиши

Шоҳлар, амирлар, машҳур кишилар, тарихий воқеаларга эга бўлган шеърга қасида дейилади. Қасиданинг „қонуғ“ деб аталган дастлабки намуналарини Маҳмуд Кошғарий ўз асарида келтирган. Мумтоз адабиётимиздаги қасидаларнинг асосий қисми аруз вазнида битилган бўлиб, улар 12 байтдан бир неча юз байтгача ҳажмдадир. Замонавий ўзбек адабиётида М.Шайхзоданинг „Тошкентнома“, Э. Воҳидовнинг „Ўзбегим“, А. Ориповнинг „Ўзбекистон“ каби асарлари қасидачилик ривожига қўшилган улкан ҳиссадир[2].

Турлари

Қасидалар ғазалга ўхшаш тарзда қофияланади. Яъни а-а, б-а, д-а… Лекин ҳажм жиҳатидан чекланмайди. Мумтоз шеъриятимизда яратилган қасидаларнинг аксар қисми ҳукмдорлар мадҳига бағишланган. Саккокийнинг Улуғбекка, Навоийнинг Ҳусайн Бойқаронинг тахтга чиқишига бағишлаб ёзган қасидалари қасида жанрининг энг яхши наъмуналари саналади[3].

Қасида тузулишига кўра икки хил бўлади:

1.Қасидайи том (тўлиқ қасида) — бунда қасида 4 қисмдан таркиб топади :

а) насиб — лирик кириш (табиат тасвири)

б) гуризгоҳ — насиб билан мадҳни боғловчи, 4-5 байтдан ташкил топган қисм

c) мадҳ — асосий қисм

д) қасд — мамдуҳ(мадҳ этилаётган шахс)га ният ва истаклар билдирилган қисм.

2.Қасидайи мужаррада (товлиқ бўлмаган, чала қасида) — бунда фақат мадҳ келтирилади.

Қасидалар мавзусига кўра қуйидаги турларга бўлинади:

Васфий қасида

Мадҳ  қасида

Ҳажв қасида

Марсия қасида

Муножот қасида

Фалсафий қасида

Тарихи

Туркий адабиётда илк қасида „Девони луғатит турк“ учрайди. Қасида ҳақида илк маълумот „Фунун ал балоға“да келтирилган.

Навоийнинг туркий тилда яратилган битта („Ҳилолия“), форсий тилда ёзилган 10 та („Ситтайи зарурия“ (6 та) ва „Фусули арба“ (4 та) қасидаси бор[4].

Манбалар

  1. ↑ Ўзбек тилининг изоҳли луғати. Давлат илмий нашриёти, 2006 — 257-бет. 
  2. ↑ Адабиёт фанидан маълумотнома. Янги китоб нашриёти, 2020 — 61-бет. 
  3. ↑ Мумтоз бадиият луғати. Янги аср авлоди, 2008 — 170-бет. 
  4. ↑ Дилнавоз Юсупова. Аруз ва мумтоз поэтикага кириш. Академнашр, 2020.