Қатлам (геологияда) — геологик жисм, чўкинди тоғ жинслари ётқизилишининг асосий шакли ва уларнинг кетма-кет жойлашиши. Қатламнинг литологик таркиби нисбатан бир хил бўлиб, бир-бирига деярли параллел юзалар (юқоридагиси — қатлам усти ва пастдагиси — қатлам ости) билан чегараланади. Қатлам қалинлиги узунлигига нисбатан анча кам. Юқоридаги қатлам (нормал ётганда) остки қатламга қараганда ёш бўлади. Қатлам метаморфик жинслардан ҳам иборат бўлиши мумкин. Магматик жинслар ва рудалар мувофиқ шаклда ётганда уларни қатлам дейиш мумкин. Қатлам кўпинча бир неча қатлардан иборат бўлади (масалан, таркибида ўзига хос тоғ жинси учрайдиган фойдали қазилма, кўмир қатлам, нефтли қатлам ва газли қатлам).