Қайсин Шуваевич Қулиев (1917.1.11 — ҳозирги Кабарда-Балкария Республикаси, Чегем тумани — 1985.4.6) — болқор шоири. Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси (1941—44). Москвадаги Театр санъати институтини тугатган (1939). Илк шеърлар китоби — "Ассалом, тонг" (1940). Асарларида инсон кечинмалари, табиат, ватан, озодлик ва турмуш ташвишлари, ўз замонаси ва тарихий ўтмиш воқеалари акс этган. "Қўшниларим" (1939-45), "Даралар қўшиғи" (1960) шеърий тўпламлари ва "Ярадор тош" (1964), "Ер китоби" (1972), "Оқшом" (1974), "Замин чиройи" (1980) каби достонлар муаллифи. Болқор халқи тарихи ва тақдирига бағишланган "Қиш эди" (1985) эпик асари умрининг охирларида ёзилган. Бир қатор Кавказ халқлари вакиллари қатори Ўрта Осиёга сургун қилинган Қ. 1944—57 йилларда Қирғизистонда яшаган. Ўзбекистонда ўтказилган нуфузли адабий тадбирларда мунтазам қатнашган. У ўзбек шеъриятини ниҳоятда қадрлаган; Зулфия, Шукрулло, Абдулла Орипов каби ўзбек шоирларининг шеърларини болқор тилига таржима қилган. "Гул ва ханжар" (1968), "Кўзларингни севаман" (1977), "Мени ардоқлаган аёлларга" (2004) китоблари ўзбек тилида нашр қилинган.

Манбалар

  • Собрание сочинений, п 3-х т.. М., 1987.

Адабиёт

  • Эфендиев Т., Кайсин Кулиев, М., 1985.