Qissa
Қисса (арабча: قصّة — тарих; ҳикоя, ривоят, воқеа) — бадиий адабиётда эпик жанр турларидан бири. Ғарбий Европа ва Америка адабиётида повест маъносидаги қисса тушунчаси йўқ.Насрнинг романдан бошқа барча жанрлари „Новелла“ термини орқали ифодаланади. Рус ва ўзбек адабиётларида қиссанинг ҳозирги ва қадимги маънолари ўртасида фарқ бор. Масалан, қадимги рус адабиётида ҳар қандай насрий асар повест (қисса) деб аталган. Ўзбек адабиёти тарихида ривоят усулида наср ёки назмда ёзилган тарихий-афсонавий асарлар қисса деб юритилган. Масалан, „Қиссаи Сайфулмулук“, „Қисаси Рабғузий“ ва бошқа Ҳозирги маънодаги ўзбек қиссаси рус адабиётидаги „повест“ терминига тўғри келади ва асосан роман билан ҳикоя оралиғидаги ўртача ҳажмли насрий жанрни ифодалайди.
Қисса, одатда, бир ва бир неча шахслар тақдирига оид турли воқеаларни ўзига асос қилиб олиши билан эпик турнинг ҳикоя, ҳажми ва мазмунининг нисбатан чекланганлиги билан романдан фарқ қилади. Қиссалар ҳаёт мураккабликларини ҳикояга нисбатан кенгроқ, характер ҳамда воқелик кўламини романга қараганда камроқ қамраб олади. Қиссада у ёки бу шахс ҳаётининг маълум бир даври хроникал тарзда баён қилинади. Қиссада лиризм ҳикоя ва романдагидан кучлироқ бўлиши мумкин.
Роман каби Қиссанинг ҳам автобиографик (Ойбек, А.Қаҳҳор, Н.Сафаров), тарихий (Миркарим Осим, Я.Илёсов ва бошқалар), фантастик (Т.Малик, Ҳ.Шайхов, М.Маҳкамов ва бошқалар) турлари бор. Ҳозир қисса насрнинг энг фаол жанрларидан бўлиб, унда ёш ёзувчилар ҳам самарали ижод қилмоқдалар.
Адабиётлар
- Аброров А., Ўзбек повести, Т., 1973;
- Тимофеев Л.И., Основм теории литератури, 5-изд., М., 1976;
- Норматов У., Гўзаллик билан учрашув, Т, 1976.
Ҳаволалар
| Викииқтибосда Қиссага тегишли иқтибослар мавжуд. |
| Ушбу мақолада Ўзбекистон миллий энсиклопедияси (2000-2005) маълумотларидан фойдаланилган. |
| Ушбу мақола çаладир. Сиз уни бойитиб, ЗиёСферага ёрдам бериşингиз мумкин. Бу андозани аниқроғига алмаштириш керак. |