Qonun
Қонун (фалсафада) — нарса ва ҳодисалар ўртасидаги муҳим, зарурий, барқарор, такрорланувчи муносабат. Мазкур муносабат обектив воқеликка мансуб бўлса, у воқелик Қонунлари деб юритилади. Воқелик Қонунларининг инсон томонидан ўрганилиб, муайян назарий тилға кўчирилиши фан Қонунлари дейилади. Шу жиҳатдан фан қонунлари воқелик қонунларининг тафаккурда инъикос этилишидир. Фан қонунлари, ўз навбатида, акс эттирувчи объектига кўра, табиат қонунлари, жамият қонунлари, тафаккур қонунларига бўлинади. Тасодифий ёки ўткинчи муносабатлар эса қонунни асослашга етарли эмас. Зарурийлик қонуннинг муҳим белгисидир, чунки ундан келиб чиқадиган натижаларнинг юз бериши муқаррардир. Қонун тушунчасининг моҳияти қонуният тушунчасига яқин туради. Қонуният қонундан фарқли равишда системанинг ўзгаришларидаги барқарор жиҳатларни ва йўналишларни ифодалайди. Шу жиҳатдан, фанда статистик ва динамик қонуниятларга таяниб иш юритилади. Динамик қонуниятларда ўрганилаётган жараёнларнинг келажаги аниқ, муайян ва бир хил кўринишда башорат қилинади, яъни системанинг келажакдаги ҳолати унинг олдинги ҳолати билан узвий боғланган бўлади. Статистик қонуниятларда эса, жараёнларнинг келажагини башорат қилиш эҳтимол шаклида бўлиб, муайян миқдордаги тасодифлар ичидан рўёбга чиқиши мумкин бўлган эҳтимоллар назарда тутилади, яъни бунда бир қанча ўзаро боғланган алоқадорликлар ичидан рўёбга чиқиши мумкин бўлган имконият даражаси эҳтимоллик билан чамалаб олинади. Қонунлар объектлар ўртасидаги, система ривожланишининг турли ҳолатлари ва босқичлари ўртасидаги алоқадорликларни ифодалайди. Қонунлар ўзининг умумийлик даражаси ва таъсир этиш доирасига кўра, хусусий умумий ва энг умумий қонунларга бўлинади. Хусусий Қонунлар нарса ва ҳодисалар ўртасидаги нисбатан тор доираги ачоқаларни функнионал тарзда акс эттиради (мас. механикада тезликларни қўшиш Қонунлари). Умумий қонунлар нарса ва ҳодисаларнинг умумий хоссалари ўртасида муносабатни, энг умумий қонунлар эса табиат, жамият, тафаккур ривожининг энг умумий муносабатларини, томонларини, тараққиётини, тенденсияларини ифодалайди. Бутун олам тортишиш қонуни умумий қонунга, оламнинг ривожланиш қонунлари эса энғ умумий қонунга мисол бўлиши мумкин. Умумий Қонунлар билан хусусий қонунлар ўртасида ўзаро боғлиқлик мавжуд. Умумий қонунлар хусусий қонунлар орқали амал қилади, хусусий Қонунлар эса умумий Қонунларнинг бир кўриниши бўлиб, обектив характерга эга. Қонунлар, биринчидан, нарса ва ҳодисалар ва улар орасидаги муносабатларнинг моҳияти, сабаби, келиб чиқиши, ривожланиш тенденсиясини тушунтиради; иккинчидан, Қонун ҳодисадаги ривожланиш тенденсияси ва йўналишини акс эттириш орқали жараёнларнинг келажагини башорат қилиш функсиясини бажаради. Табиат ва жамият Қонунлари обектив жараёнларни акс эттиради. Агар табиат Қонунлари бизга стихияли тарзда бўлиб кўринса, жамият Қонунлари эса кишиларнинг онгли фаолиятида намоён бўлади. Қонунларни билиш асосида келажак ҳақида башорат қилиш, табиий ва ижтимоий жараёнларни бошқариш мумкин. Тафаккур Қонунларини мантиқ фани ўрганади. Қонунлар ҳақида Форобий, Хоразмий, Фарғоний, Беруний, Ибн Сино, Улуғбек каби мутафаккирлар махсус рисолалар ёзишган. Ҳуқуққа доир, хусусан, шариат Қонунларига оид асарлар ичида Бурҳониддин Марғинонийнинг „Хидоя“ китоби дунёга танилган. Қонунларни англаб олиш, билиш оламнинг ривожланиш хусусиятларини билиб олиш ва уни ўзлаштиришда муҳим аҳамият касб этади.
| Ушбу мақола çаладир. Сиз уни бойитиб, ЗиёСферага ёрдам бериşингиз мумкин. Бу андозани аниқроғига алмаштириш керак. |
| Ушбу мақолада Ўзбекистон миллий энсиклопедияси (2000-2005) маълумотларидан фойдаланилган. |