Қум устони Эроннинг марказида жойлашган бўлиб, мамлакат майдонининг 0,68%ини эгаллайди. Ушбу устон денгиз сатҳидан 877,4 м. баландликда жойлашгандир. Қум устони шимолдан Теҳрон устони, шарқдан Симнон устони, жанубдан Исфаҳон устони, ғарб ва жануби-ғарбдан Марказий устони билан чегарадошдир. Вилоятда 1 та туман, 5 та бахш, 9 та қишлоқ ва 6 та шаҳар мавжуд. Қум, Кўҳак, Жа’фария, Дастжерд устоннинг муҳим шаҳарларидандир.

Қум
форсча: قم‎ / Қом‎‎
Устон
Маъмурий маркази Қум
Йирик шаҳари Қум, Кўҳак, Жа’фария, Дастжерд
Расмий тили форсча
Аҳоли 1 046 737
Майдони 11 526 км²
(ў %)
Харитада

Этник таркиби

Тарихнинг турли даврларида ҳар хил гуруҳлардан иборат қабилалар Қум минтақасига кўчиб келганлар. Мазкур қабилалар Кошо, Ҳусайинобод, Мешмаст, Қаламруд катта трассалари узра Ҳавзи Султон денгизининг қирғоқларида ҳамда 670 000 гектар кенгликдаги ҳудудга тарқалган. Қум устонининг бу кенгликларида яйловзорларга эга бир қанча қишлоқлар ҳам мавжуд бўлиб, у ерда баъзи қабилалар омборга ўхшаш маконларда ҳам кун кечиришади. Бу минтақада яшовчи қабила ва элатлар маҳаллий аҳоли бўлмай уларнинг кўпчилиги Эроннинг бошқа минтақа ва жойларидан бу ерларга келишган. Қум устонида ҳаёт кечирувчи қабилалар асосан Занд, Сайфи, Доруға, Ҳусайни, Гаршосбий, Гургул, Жа’фарий, Сиддиқ ва Послорий каби уруғлардан ташкил топган.

Иқлим

Қум устонининг ёзлари иссиқ ва узун, қишлари эса совуқдир. Вилоят денгиздан узоқда жойлашгани сабабли ҳавонинг намлиги ва ёғинлар камдир. Валижо ва Тахти Сари Ҳавз тоғлари вилоятнинг энг муҳим тоғларидандир. Тоғлар табиийки устон об-ҳавоси ҳароратининг ўзгаришида муҳим рол ўйнайди. Устон жануби ва ғарбидаги тоғли ҳудудларнинг об-ҳавоси марказий ва жанубий қисмлардаги об-ҳаводан мўтадилроқдир. Қум устонининг атрофи Загрос ва Элбурс тоғ тизмалари билан ўралган ва тоғлар сабабли вилоятнинг марказий ҳудудларига намли ҳаво кирмайди.

Табиати

Ҳаво ҳароратининг юқорилиги ва иссиқ қуруқ шамоллар сабабли буғланиш миқдори ортиб боради. Бунинг натижасида устон ҳудудида чўл ерлар кўпдир. Чўл ҳудудлари устоннинг шимоли, шимоли-шарқ, шарқ ва жануби-шарқида жойлашгандир. Йилнинг совуқ фаслларида Осиё қитъасининг шимолий қисмидаги паррандалар Қум устонининг чўлли ҳудудларига учиб ўтадилар. Ўсимлик олами ҳам устоннинг иқлимига хосдир. Ёғин миқдори парланиш миқдоридан камроқдир. Шунга асосан, ўсимликлар ҳам сув танқислиги, ҳавонинг қуруқлиги, ернинг шўрлиги каби табиий ҳодисаларга мослашгандир. Қум устонида ўрмонлар жуда ҳам кам. Шу ўринда, сунъий ўрмонлар, асосан, парклар шаклида бўлганини ҳисобга олсак ҳақиқий ўрмонларнинг ўрнини боса олмаслиги аниқ. Шунингдек, устонда яйловлар мавжуд бўлиб, уларнинг энг баланди денгиз сатҳидан 3000 метр баландликда ва энг пасти денгиз сатҳидан 790 метр баландликда Намак кўли соҳилларида жойлашган. Ушбу яйловларнинг 39%и тоғ ва тоғ ёнбағриларида, қолганлари даштларда жойлашгандир.

Дарёлари

Қумруд дарёси ва Қаречой дарёси ҳамда Намак кўли ва Ҳавзи султон кўли устоннинг энг муҳим сув ҳавзаларидир. Қумруд Хонсор тоғларидан бошланиб, Исфаҳон ва Марказий устонларидан ўтиб, Қум вилоятига киради. Қаречой дарёси Арок вилоятининг Шозанд тоғларидан бошланиб, Марказий устони ва Ҳамадон устонидан ўтиб шимоли-ғарб томондан Қум устонига киради.

Кўллари

Хавзи Султон кўли ва Намак кўли йилнинг иссиқ фаслларида, сувнинг камлиги ва парланиши миқдорининг юқорилиги боис қурийди ва ернинг юзасида қалин туз қатлами вужудга келади.

Номланиш тарихи

Қум устонининг номланиши ҳақида турли тахминлар мавжуд. Уларнинг орасида энг машҳури „Қума“ („ёнма-ён жойлашган кичик уйлар“) сўзининг ўзгарган кўринишидир. Босқа бир тахминларга биноан, Қум шаҳри устондаги „Камирон“ деб номланган ҳудуднинг ўзгарган кўринишидир. Қум шаҳри номини афсонавий шоҳлардан Таҳмурасага боғлашади. Ушбу шаҳар ҳижрий-қамарий 189-йили (милодий 809-й.)да Исфаҳондан ажралиб чиқди. Ислом дини Эронга кириб келишининг илк даврларида бу ерга кўпгина саййидлар кўчиб келди. Ҳижрий-қамарий 200-йил (милодий 815-й.)да Имом Ризо ва ҳижрий-қамарий 201-йил (милодий 816-й.)да унинг турмуш ўртоғи Қум шаҳрига сафар қиладилар ва бу ҳодисалар Қум шаҳрини шиа олами марказига айланишига сабаб бўлади[1].

Диққатга сазовор жойлар

Устоннинг диққатга сазавор жойлари қуйидагилардан иборат: Ҳазрати Маъсума саройи, Жамкарон муқаддас масжиди, Вашнуҳ ғори, Кўҳакдаги Мулла Садро уйи.

Манбалар

  1. ↑ Мостафавий, Ҳамид. Тасвирларда Эрон бо'йлаб саёҳат, 2013, СОКҲАНВАРАН ПУБ. — 179-180-бет. ИСБН 978-600-9675-31-3.