Rahima Islomova
Бу мақолага бошқа бирорта саҳифадан
ишорат йўқ. (Май 2024) |
| Раҳима Исломова | |
|---|---|
| Шахсий маълумотлари | |
| Таваллуди | 1917-йил |
| Вафоти | 1983-йил |
| Фуқаролиги |
|
| Миллати | ўзбек |
| Касби |
|
Раҳима Исломова (1917—1983) — совет ва ўзбек сиёсат арбоби, Социалистик Меҳнат Қаҳрамони. Крупская номидаги колхоз раиси.
Ҳаёти ва меҳнат фаолияти
Раҳима Исломова Каттақўрғон туманига қарашли Алижон қишлоғида Жонбўри ва Ойтўла ая хонадонида тўнғич фарзанд бўлиб дунёга келган. Бу хонадон бироз камбағал деҳқон оиласи ҳисобланган. У жуда ақлли, интилувчан қиз бўлиб, мактабда ўта тиришқоқлиги билан ажралиб турарди. Шўро мактаби дастурига унинг бола қалби аллақачон тўлган эди ва у бу йўлдаги фидойилардан бири бўлишни ўзи учун шараф деб ҳисобларди. Унга буюрилган ҳар бир вазифани қалбидаги жўшқин иштиёқ билан сидқидилдан бажарадиган бу қиз 1929-йил, мактабни тугатиш олдидан комсомол сафига қабул қилинади.
1930-йилда отасидан айрилган ёшгина Раҳиманинг бошига бутун оила рўзғор ташвиши тушиб қолади. Сўнг ўша йилдан то 1936-йилгача ўзи яшаб турган колхозда котиба сифатида бор ғайрати билан фаолият юритади. Ёш ва жўшиб турган қалби билан деярли ҳар бир тадбирда фаол қатнашиб келади. Шўро тузумини кўкларга кўтариб, уни доим мадҳ этади. 1936-йилда олти ойлик раҳбар кадрлар тайёрлаш курсини тамомлаб, 1937-йилдан январ ойидан Митан тумани ёшлар уюшмаси қўмитаси котиби ўринбосари вазифасида иш олиб боради. Шу йилнинг июл ойида Тошкентда бўлиб ўтган комсомол қурултойида иштирок этади. Бу қурултойда Раҳима ЎзССР комсомол ташкилотининг котиби Исроил Ортиқов билан учрашувида унга ўз тумандош ёшларнинг истак ва хоҳишларини айтиб ўтади ҳамда мавжуд муаммоларга ечим ўлароқ келтирган таклифларини ўртага ташлаб муҳокама қилади. Шундан сўнг И.Ортиқов Митан тумани партия қўмитасининг биринчи котиби Жуманиёз Матниёзов билан боғланиб, ундан Раҳима Исломова ва туман ёшларига имкон қадар ёрдам беришини сўрайди.
1937-йилнинг 7-августида Раҳима Исломова Митан тумани комсомол қўмитаси котибаси сифатида иш бошлайди. Қисқа вақт мобайнида ёшларни бир мақсад йўлида бирлаштира олган Раҳима меҳнаткаш ёшларнинг турмуш шароитини ўзгаришида катта ташаббуслар кўрсатиб улгуради. Шу жумладан, ёшларнинг таълим олиш масалалари, мактаб ва маориф тизимини юксалишида жонбозлик кўрсатади[1].
Айблов ва қийноқлар
1938-йил 28-январда миллатчилар ташкилотининг аъзоси деган гумон билан Самарқанд НКВДси томонидан Раҳима Исломовани ЎзССР Жиноят Кодексининг 57-1, 67-моддалари билан айбланган ҳолда қамоққа олишади. Шахсий анкетасига кўра, ўша пайтда Раҳиманинг оила аъзолари 67 ёшли онаси Ойтўла ая, 16 ёшли укаси Бозор, 14 ёшли Нормурод ва 10 ёшли синглиси Фозилани ташкил қилар эди. Раҳиманинг уйидан унинг ортидан қон йиғлаганча қолган кекса онаси ва укаларидан бошқа ҳеч бир шубхали буюм топилмайди.
Раҳима Исломова 1938-йил 4-феврал куни бўлиб ўтган илк сўроқ вақтида ИИХК Митан тумани бўлими бошлиғи Федяевнинг ким сени бу аксилинқилобий ташкилотга тортди, дея берган саволига ва қўйган айбловига чидай олмасадан йиғлаб юборади. Сўнгра Митан ҳудудида бу каби ҳеч қандай ташкилот умуман бўлмаганлиги ҳамда ўзига қўйилаётган айбловларнинг барчаси уйдирма эканлигини айтади. 1938-йил 8-феврал куни Митан тумани ижроқўми Раҳима Исломованининг ишини қайта кўриб чиқиб, унинг бу ишда 5 нафар шахсни аксилинқилобий ташкилотга жалб қилганликда айбланувчи „халқ душмани“ деб атаб, комсомолдаги аъзолигидан маҳрум қилишади.
1938-йил 1-октабргача Раҳима Самарқанд қамоқхонасида сақланган. Кейинчалик Тошкентга келтирилиб, ундан фақатгина айбини бўйнига олишини талаб қиладилар. Бироқ Раҳима ҳақиқат қарор топишидан умид қилади ва ноҳақ айбловларни тан олмайди.
1938-йил 15-октабр санасида „учлик“ йиғинига қайта чақирув бўлади. Бошдан кечирганларини барчасини сўзлаб, ҳақиқат талаб қилиб турган Раҳимани ҳеч ким эшитмайди ҳам. Ҳеч қанча вақт ўтмай ҳай’ат унинг мол-мулкини мусодара қилиниши ҳамда қизнинг ўзи ЎзССР ва Жиноят Кодексининг 64-67-моддалари билан айбланиб, 8 йилга меҳнат тузатиш лагерига ҳукм этилиши ҳақидаги қарор ўқиб эшиттирилади.
Раҳиманинг жазони ўташ жойи Архангелск вилояти Костлас шаҳри бўлиб, у ўша ерда ҳам жонбозлик кўрсатиши билан фаоллар қаторидан ўрин олишга муваффақ бўлади. Навбатдаги икки йил мобайнида ҳам лагернинг фахрийлар тахстасидан жой олади. Айни фурсатдан фойдаланиб, вақт топилди дегунча у шўро ҳукуматининг турли раҳбар идораларига шикоят хати билан 18 матротаба мурожаат қилади. Афсуски, бу хатларнинг ҳеч бири керакли манзилга етиб бориш у ёқда турсин, ҳатто эшикдан ҳам чиқарилмайди.
1941-йил 17-май куни Раҳима яна СССР ОЛий Советига ариза билан мурожаат қилади. Рус тилини билмаганлиги сабабли хатни 1941-йил 7-июнда Чурагуловнинг ёрдамидаги таржима билан керакли манзилга йўллайди. У бу хатдаги мурожаатини „суд менга буткул ноҳақлик қилди“ дея бошлайди. Сўнгра бошидан ўтган барча қийинчилик ва туҳматларни ёзади. Хатда ўз фикрини умумийлаштирган ҳолда Раҳима шундай дейди:
Мен мутлақо айбсизман, менда гуноҳ йўқ. Айблов бошида 19 ёш эдим, ҳозир эса 23 ёшдаман. Демак, мана 3 йил-у 4 ойдирки қамоқдаман. У ёқда укаларим етим қолиб кетган. Тушунинг, ахир мен Ўрта Осиёликман, шимол совуғи мени соғлиғимдан айирмоқда. Навқирон ёшлигим бу каби туҳматлар ичида қолди. Илтимос, мени бундай зулмат лагеридан озод этинглар ва ҳукмни бекор қилинг.
Жорий ариза асосида Исломова Раҳима иши ҳам қайта кўриб чиқиш учун топширилади. Прокурорнинг 1942-йил август ойидаги протести асосида 1942-йил 18-ноябр куни озодликка чиқишга муваффақ бўлди. Сўнгра Надежда Крупская номидаги колхозда 29 йил давомида раис лавозимида ҳам фаолият юрита олди[2].
Ўлими
Раҳима Исломова 1983-йил 16-февралда тергов ва қамоқда бошдан кечирган оғир қийинчиликлари таъсирида оламдан ўтган.
Манбалар
- ↑ Аҳмад, Сирожиддин. Қизил мустамлака: э'лон қилинмаган уруш Катта қирғин қомуси (1929-1950). Тошкент: Инфо Cаптал Боокс, 2022-йил — 635-бет. ИСБН 978-9943-5789-3-7.
- ↑ „Алам ва надоматлар ичра йиғлаган ёшлик баҳори“. юз.уз. Қаралди: 15-май 2024-йил.
| Шахсият ҳақидаги уşбу мақола çаладир. Сиз уни бойитиб, ЗиёСферага ёрдам бериşингиз мумкин. |