Rahmonali Rahmatullayev
Бу мақоланинг бетарафлиги шубҳа остидадир. Батафсилроқ маълумот учун мақола мунозарасига қаранг. |
Раҳмонали Раҳматуллаев (1878—1938) — давлат ва жамоат арбоби. Раҳмонали Раҳматуллаев 1878-йил Қўқон шаҳрига узоқ бўлмаган Олтинқўш қишлоғида таваллуд топган. Отаси Раҳматулло ҳожи ўзига тўқ, зиёли инсон бўлган. Раҳмонали оилада укаси Ҳайитали, Эргаш буви ва Ҳурмат бувининг тўнғичи эди. Олтиқўш қишлоғи савдо ва ҳунармандчилик учун жуда қулай нуқтада жойлашган[1]. Раҳмонали Раҳматуллаев улғайиб, ҳалол меҳнати билан бойиди, бир сўзли чопағон полвон сифатида эл назарига тушади. У Косонсаройда бош мироб этиб сайланади. 1916-йилги мардикорликка қарши кураш даврида Раҳмонали Раҳматуллаев халққа сувни одиллик билан тақсимлагани учун Аравон даҳасига минг боши қилиб кўтарилади. 1917-йилда у „Шўройи Ислом“ жамиятига аъзо бўлиб, Туркистон Мухторияти ҳукуматининг тарғиботчиларидан бирига айланади. Мухторият тугатилгач, миллий истиқлолчилик ҳаракати аъзолари қўрбошиларни қўллаб қувватлайди. У 1930-йил аксинқилобий тарғиботда айбланиб 5 йил кўчма қилинади. У кўчмани Сталинобод (Душанбе) ва Ўратепа ҳудудларида ташкил этилган қулоқ хўжаликларида ўтайди. 1937-йил у ўз қишлоғига қайтиб келиб, „Маданий инқилоб“ колхозига аъзо бўлади. Раҳмонали Раҳматуллаев 1937-йил 23-ноябр куни ЎзССР ЖКнинг 66-моддаси 1-қисми билан „аксинқилобий тарғибот“да айбланиб, яна қамоқа олинади. 1937-йил 27-ноябр куни ЎзССР НКВД ҳузуридаги суд Раҳмонали Раҳматуллаевни 10 йил меҳнат тузатиш лагерига ҳукм қилади. 1938-йил 10-апрел куни шифокорлар томонидан Раҳмонали Раҳматуллаев Тошкентдаги тарқатиш нуқтасида касаллик туфайли вафот этди деб қайд қилинган маълумотнома мавжуд. Бироқ унинг оиласи ва фарзандлари тўғрисида ҳеч қандай маълумот келтирилмаган. 1990-йил 3-апрел куни ЎзССР прокуратураси томонидан оқланган[2].
| Раҳмонали Раҳматуллаев | |
|---|---|
| Шахсий маълумотлари | |
| Таваллуди |
1878-йил Қўқон шаҳри |
| Вафоти | 1938-йил |