Ramazon bayrami
Рамазон байрами исломий байрам бўлиб, шаввол ойининг биринчи куни нишонланади. Шу куни муборак ой барча таомилларга асосан ўтказилгани байрам қилинади. Ҳайит араб тилида عيد [ъийдун] дейилади. Бу ўзбекча “байрам” дегани. Биргалашиб байрам қилинадиган ҳар қандай кунни عيد дейиш мумкин. Бу сўзнинг асли عاد – يعود [ъаада – яъууду] (қайтиш) феълидан олинган. Ибн Арабий: “Ҳайит (байрам) “ийд” деб номланишининг сабаби ҳар йили янгиланган хурсандлик билан қайта келиб тургани учундир”, деган[4].
| Рамазон байрами | |
|---|---|
| Рамазон байрами | |
| Самарқандда ҳайит байрами; | |
| Бошқа номлари | Рамазон байрами, Рамазон ҳайити ёки Ийд ал-Фитр |
| Нишонловчилар | Мусулмонлар |
| Тури | Исломий |
| Аҳамияти | Рамазонда рўза тутиш тугаганини нишонлаш |
| Сана | 1–3-Шаввол[1] |
| 2026-йилдаги санаси | 20-март – 22-март[а] |
| 2027-йилдаги санаси | 9-март – 11-март |
| Нишонланиши | Фитр садақаси, ҳайит намози, ҳайитлик бериш, оила ва ижтимоий учрашувлар, байрамона таомлар, рамзий безатиш, хайрия |
| Боғлиқлиги | Рамазон, Қурбон ҳайити |
Рамазон рўзаси фарз қилинганидан кейин бу ҳайит илк бор 2/624-йилда нишонланган[5].
Ҳайитнинг муддати бир кун бўлиб, аслида Рамазон ойининг охирги куни қуёш ботгандан кейин бошланади ва шаввол ойининг биринчи куни қуёш ботиши билан тугайди. Имом Абу Довуд “Сунан”ида ҳайит ҳақида қуйидаги ривоятни келтирган: “Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинага келганларида, у ердагиларнинг икки (алоҳида байрам) санаси бўлиб, ўша кунларда ўйин-кулги қилишар эди. У зот: “Бу икки кун қандай кун?” деб сўрадилар. “Жоҳилиятда шу кунларда ўйин-кулги қилар эдик”, дейишди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳ сизга бу иккисининг ўрнига улардан яхшисини – Адҳо (Қурбон ҳайити) ва Фитр (Рамазон ҳайити) кунларини ато этди”, дедилар”[6]. Ислом оламида мана шу икки сана шодлик кунларидир.
Рамазон ҳайитининг ўзига хос жиҳатларидан бири – фитр садақаси. У белгиланган миқдорда бўлиб, мискинларга берилади. Фитр садақасини ҳайит намози ўқилгунгача бериш лозим. Ҳайит куни эрталаб, қуёш чиққандан бироз ўтиб, жамоат билан икки ракат намоз ўқилади. Шундан кейин одамлар бир-бирини қутлайди, ота-онаси ва қариндош-уруғларини зиёрат қилади. Совға-салом улашилади, гиналар унутилади.
Шунингдек, шу куни одамлар дўстларини зиёрат қилади, меҳмон қабул қилади, қўшниларига яхшилик қилади ва камбағалларга меҳр-шафқат кўрсатади.
Бундай хайрия тадбирларига кўп жойларда халқларнинг маҳаллий одатлари – арафа куни ош улашиш, янги кийим кийиш, “ҳайитлик” бериш, сайил қилиш, яқин одамлар билан кўришиш кабилар қўшилиб кетган[7].
Ушбу байрам Ўзбекистонда ҳам мусулмонлар томонидан кенг нишонланади. Президент қарори билан Мустақилликнинг дастлабки давридаёқ умумхалқ байрами сифатида дам олиш куни деб эълон қилинган[8]. Ҳозиргача ҳар йили “Муборак Рамзон ойини муносиб тарзда ўтказиш тўғрисида” ва “Муборак Рамзон ҳайитини нишонлаш тўғрисида” қарор қабул қилинади.
Охирги йиллардаги қарорлар:
2023-йил – Муборак Рамазон ойини муносиб тарзда ўтказиш тўғрисида
2023-йил – Рамазон ҳайитини нишонлаш тўғрисида
2024-йил – Муборак Рамазон ойини муносиб тарзда ўтказиш тўғрисида
2024-йил – Муборак Рамазон ҳайитини нишонлаш тўғрисида
2025-йил – Муборак Рамазон ойини муносиб тарзда ўтказиш тўғрисида
2025-йил – Муборак Рамазон ҳайитини нишонлаш тўғрисида
Рамазон ҳайити нафақат диний байрам, балки Ўзбекистон халқининг миллий қадриятлари ва анъаналари билан ҳам узвий боғланиб кетган ҳодиса (феномен)дир. Бу байрам халқ орасида тинчлик, бирдамлик ва саховат рамзи сифатида нишонланиб келмоқда.
Рамазон байрами одамлар орасида ўзаро ҳурмат ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш каби ижтимоий қадриятларни тарғиб қилади. Бу, ўз навбатида, жамиятда фикрий, руҳий ва ижтимоий бирдамликни янада мустаҳкамлайди.
Ҳаволалар
Манбалар
- ↑ Гент, Р.Ҳ. ван „Тҳе Умм ал-Қура Cалендар оф Сауди Арабиа – аджустмент“. 2015-йил 23-июлда асл нусхадан архивланган. Қаралди: 2015-йил 22-июл.
- ↑ „Эид Ал Фитр 2025: Шаwwал cресcент моон сигҳтинг аcросс тҳе wорлд“ (эн). Гулф Неwс (2025-йил 30-март). Қаралди: 2025-йил 30-март.
- ↑ „Эид Ал Фитр 2025: Тҳесе cоунтриэс ҳаве анноунcед Марч 30 ас фирст дай оф фестивитиэс“ (эн). Кҳалеэж Тимес (2025-йил 30-март). Қаралди: 2025-йил 30-март.
- ↑ Ибн Манзур. Лусонул араб. Ж.3. Али Шерий тадқиқи. – Байрут. Дор садр, 1994. – Б. 319. – 522 б.
- ↑ Қаранг: Ибн Касир. Ал-Бидоя ван ниҳоя. Ж.3. Али Шерий тадқиқи. – Байрут. Дор иҳёит туросил арабий, 1988. – Б. 311-312. – 409 б.
- ↑ Абу Довуд Сижистоний. Сунану Аби Довуд. Ж.2. Шуайб Арнаут ва Муҳаммад Комил Қара Баллалий тадқиқи. – Байрут. Дорур рисолатил оламийя, 2009. – Б. 345. – 666 б.
- ↑ Ўзбекистон миллий энсиклопедияси. Ҳ ҳарфи. “Ўзбекистон миллий энсиклопедияси” Давлат илмий нашриёти. – Т. 2000. – Б. 51. – 252 б.
- ↑ ҳттпс://wеб.арчиве.орг/wеб/20081004091300/ҳттп://уза.уз/уз/доcуменц/5089/