Равалпинди — Покистоннинг шим.шарқий қисмидаги шаҳар. Панжоб вилоятида, тоғ этагида. Мамлакатнинг муҳим иқтисодий ва маданий маркази. Панжобдан Афғонистон ва Кашмирга бориладиган йўл устида. Аҳолиси 1,4 млн. киши (1998), аксарияти пушту, кашмири, гужарот ва панжоблар. Равалпинди — транспорт йўлларининг тугуни, муҳим савдо-саноат маркази. Озиқ-овқат, тўқимачилик (ип газлама, шойи, мовут, трикотаж), поябзал, кимё-фармацевтика, нефтни қайта ишлаш, металлсозлик ва машинасозлик, семент корхоналари, темир йўл устахоналари бор. Ҳунармандчилик ривожланган. Шаҳар яқинидаги нефт ва газ конларидан Равалпиндига қувурлар ўтказилган.

Мил. ав. П. ўрнида Гажипур ш. бўлган. Ўрта асрларда шаҳар Фотихпур-Баори деб аталган. ХИВ аср бошида мўғуллар томонидан бузиб ташланган. Кейинчалик шаҳарни гаккарлар қабиласининг бошлиғи Равалхон қайта тиклаб, ўз номи билан атаган. 1849-йилда Р.ни инглизлар босиб олган. 1947-йилгача Р. Буюк Британиянинг Ҳиндистондаги энг йирик ҳарбий базаси бўлган. 1947-йилдан 1960-йиллар бошигача Равалпинди — Покистоннинг муваққат пойтахти. Политехника университети, коллежлар, ҳарбий музей, археология музейи, картиналар галереяси, аэропорт бор[1].

Манбалар

  1. ↑ ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил