Реактор (ре... ва лот. аcтор — ҳаракатга келтирувчи) — 1) электр Р. — қисқа туташув токини чеклаш ва тармоқда қисқа туташув содир бўлганда тақсимлаш қурилмалари шиналарида етарлича кучланишни тутиб турувчи юқори волтли электр аппарати. Индуктивлик ғалтагига ўхшаш ясалади. Электр узатувчи линиянинг сиғим ўтказувчанлигини компенсациялайдиган шунтловчи Р., қисқа туташиш токини чеклайдиган ток чекловчи Р., ерга улаш сиғим токларини компенсациялайдиган, ерга уланадиган, ей сўндирувчи Р. ларга бўлинади; 2) кимёвий Р. — кимёвий реаксиялар ўтказиладиган аппарат. Аломатларига кўра, гомоген тизимлар ва гетероген тизимларда ўтказиладиган реаксиялар учун паст, ўртача ва юқори босимли хилларга бўлинади. Саноатда колонка, камера, автоклав ва бошқа номлар билан аталади; 3) биологик Р. (ферментёр) — микроорганизмларни озуқа муҳитида ва холи шароитда кўпайтириб турли биологик маҳсулотлар олишга мўлжалланган аппарат. Даврий ва узлуксиз ўстириш, аэроб (аэрация учун ҳаво бериб туриладиган) ва анаэроб ўстириш хилларига бўлинади; 4) ядро Р.и — бошкариладиган занжир реаксияси — атом ядроларининг парчаланиш реаксияси содир бўладиган қурилма. Биринчи ядро Р. АҚСҲ да (1942), кейин СССРда (1946) ишга туширилган (яна қаранг Атом реактори).[1]

Манбалар

  1. ↑ ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил