Ребиндер эффекти — қаттиқ сатҳда сирт фаол моддалар (СФМ)нинг ўз-ўзидан адсорбсияланиб, сатхда эркин энергияни камайтириши ва айни вақтда ўзида қаттиқ жисм мустаҳкамлигини пасайтириши. Қаттиқ жисм мустаҳкамлигининг адсорбсион пасайиши рус физик кимёгари П. А. Ребиндер томонидан 1928-йилда кашф этилган. Бу эффект коррозия, қаттиқ модданинг эриши ва бошқа ҳодисаларга алоқадор бўлмай, фақат СФМ адсорбсияси билан боғлиқдир. Дастлаб гипс, графит, барий карбонат, калсий монокристаллари каби айрим анорганик кристалл моддаларнинг мустаҳкамлиги СФМ (олеин ва мой кислоталари, пропил ва бошқа спиртлар) эритмасида пасайиши кузатилган. Қаттиқжисм мустаҳкамлигининг адсорбсион пасайиши заминида фазалар чегарасидаги сирт тарангликнинг камайиши ётади. Бунда СФМнинг қаттиқ жисмнинг ички сатҳидаги микроғовакларда, тирқишларда адсорбсияланиши ва СФМ эритмасининг ёрилаётган тирқишнинг ичичига кириб (миграция), жараённи давом эттириши кузатилади. Ребиндер эффекти натижасида қаттиқ жисмнинг деформацияси ва бузилиши осонлашади. Ребиндер эффекти семент саноатида, ун тайёрлашда, қаттиқ жисмларни майдалаш, кесиш билан боғлиқ барча жараёнларда, яъни дисперс системаларнинг структура механик хоссаларини бошқаришда қўлланади.[1]

Манбалар

  1. ↑ ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил