Рецепторлар (лотинча: реcептор — қабул қилувчи) — ташқаридан (экстероцепторлар) ёки организмнинг ички муҳитидан (интероцепторлар) таъсиротни қабул қилиб ва уни нерв импулсларига айлантириб, марказий нерв системасига ўтказиб берадиган сезувчи нерв толалари учлари ёки махсус ҳужайралар.

Экстероцепторлар одам ёки ҳайвон танасининг ташқи юзасида жойлашган бўлиб, ташқи муҳит таъсиротлари (Мас, ёруғлик, товуш тўлқинлари ва бошқалар)ни, мономодал Рецептор фақат бир хил (Мас, механик таъсир ёки ёруғликни), полимодал Рецептор эса ҳар хил (Мас, кимёвий ва механик) таъсиротни бир вақтда қабул қилади. Шунингдек, интерорецепторлар, бирламчи Рецептор ва иккиламчи Рецептор бор. Бирламчи Рецепторнинг ташқи таъсирни қабул қилувчи негизи сенсор (сезувчи) нейронда бўлиб, у таъсиротдан бевосита (биринчи) қўзғалади. Иккиламчи Рецепторда эса таъсирловчи билан сенсор нейрон оралиғида ташқи таъсирот энергиясини нерв импулсларига ўзгартирувчи қўшимча махсус ҳужайралар мавжуд. Рецептор таъсирланишидан ҳужайра мембранасида биоэлектр потенсиаллари рецептор потенсиалларига ўзгаради. Бунда рецептор ҳужайра ритмик импулсларни бевосита ҳосил қилади ёки уларни бошқа нейронда синапслар воситасида пайдо бўлишига олиб келади. Таъсиротнинг узоқ давом этиши туфайли Рецептордан бошланувчи нерв толасида импулслар частотаси камайиб кетади, натижада физиологик адаптация вужудга келади. Ҳар хил Рецептор функсияси (Мас, вестибуляр аппаратдаги ва бошқа Рецептор) ўзаро боғлиқ. Улар фаолиятини марказий нерв системаси бошқаради. Рецептор функсияси биоэлектр потенсиалларини бевосита Рецептордан ёки у билан боғлиқ нерв толасидан, шунингдек, Рецептор қўзғалишидан ҳосил бўлган рефлектор реаксияларни қайд этиш йўли билан ўрганилади.

Фармакологик (ҳужайравий ёки тўқима) рецептор эффектор ҳужайра мембранасида жойлашган. Булар нерв ва эндокрин системанинг бошқарувчи ҳамда ишга туширувчи сигналларини, кўпгина фармакологик препаратларнинг шу ҳужайрага танлаб таъсир этишини кабул қилади, кўрсатилган таъсирни унинг ўзига хос биокимёвий ёки физиологик реаксияга ўзгартиради. Нерв системасининг фармакологик Рецептор воситасида юз берадиган иши фанда яхши ўрганилган.[1]

Манбалар

  1. ↑ ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил