Рислинг (нем. Риэслинг), Рейн рислинги — винобоп ўртапишар узум нави. Рейн дарёси воҳасида халқ селексиясида яратилган қад. навлардан бири. Р. жаҳондаги ток экиладиган барча мамлакатларда тарқалган. Ўрта Осиёда, Молдавия, Украина, Қозоғистон ва Озарбайжонда ҳам экилади. Тупи ўртача ўсади. Баргининг диаметри 14— 16 см, юмалоқ, беш бўлмали, туси тўқ яшил, арра тишли, терс томони сийрак тукли. Гули икки жинсли. Ҳосили фаол ҳарорат йиғиндиси 2700—3000° бўлганда 155—170 кунда, август бошларида пишади. Узум боши силиндрконуссимон, бўйи 12—15 см, эни 6—8 см, вазни 100—130 г. Ғужуми ўртача, думалоқ, оч яшил, эти сершира, таркибида 17—19% қанд, 8—9% кислота бор.

Ҳосилдорлиги 80—100 с/га (Ўзбекистон шароитида энг юқори ҳосилдорлик 290 с/га). Қурғоқчилик ва совуққа бардоши юқори, касаллик ва зараркунандаларга чидами паст. Р. узумидан, умуман, овқат устида ичиладиган енгил оқ винолар, машҳур Рейн ва Модел енгил винолари, Ўрта Осиёда эса кучли ва десерт винолар тайёрланади. [1]

Манбалар

  1. ↑ ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил