Roʻzi Choriyev
Рўзи Чориевич Чориев (1931.28.8, Шеробод тумани, Пошхурд қишлоғи – 2004.18.9, Тошкент) – ранг-тасвир устаси. Ўзбекистон БА фахрий академиги (1997). Ўзбекистон халқ рассоми (1987). Бенков номидаги республика рассомлик билим юрти (1959) ва Репин номидаги Ленинград рассомлик, ҳайкалтарошлик ва меъморлик институти (1965) ни тугатган. 1966—1973-йиллар Тошкент педагогика институтида дарс берган. 1990-йилдан Республика болалар ижодиёти марказида бадиий раҳбар.
| Рўзи Чориев | |
| Ҳақиқий исми | Чориев Рўзи Чориевич |
| Таваллуди | 28-август 1931-йил Шеробод тумани, Ўзбекистон ССР |
| Вафоти | 18-сентябр 2004-йил (73 ёшда) Тошкент, Ўзбекистон |
| Машҳур суратлари | „Чорвоқ водийси“, „Сурхондарё одамлари“ |
| Мукофотлари | Ўзбекистон халқ рассоми, |
Асарлари
Чориев асарларида ўлка манзаралари, ўтмиши ва бугунги куни, кишиларини ёрқин бўёқларда катта маҳорат билан акс эттирган. Унинг ижоди ранг-тасвирга миллий руҳ, урф-одатлар, замондошлар, машҳур намояндалар образлари туркумини олиб кириши, қишлоқларда тасвирий санъат галереяларини ташкил қилиши билан алоҳида аҳамиятга эга. Портретлар („Замондошим“, „Дўстим портрети“, „Келин. Шоҳи сўзана“, „Фиръавн. Эркак портрети“, „Бойсунлик қария“, „Пошхурдлик қиз Барно“, „Сайроблик чол“, „Қиш. Автопортрет“), маиший ва тарихий („Суҳбат“, „Хумсон оқшоми“, „Олтинтопган кони“, „Най. Чўпон бола“, „Бойсун“, „Баҳор. Шеробод манзараси“, „Боғлар“ ва бошқалар) ва шаҳрик мавзулардаги асарлари машҳур. Чориев Ўзбекистон тасвирий санъатини тарғиб қилишда фидойилик кўрсатган: унинг ташаббуси ва бевосита иштирокида Республика болалар ижодиёти маркази, вилоятлар (Сурхондарё ва бошқалар)да тасвирий санъат музейлари ташкил қилинган, ёш рассомларга ғамхўрлик кўрсатган. 1969–йилдан Халқаро кўргазмаларда қатнашиб келган. Европа (Италия, Швеция, Греция ва бошқалар), Осиё, Африка мамлакатларида ижодий сафарда бўлиб, таассуротлари асосида қатор асарлар яратган. У ҳақида „Кўнгил камалаги ёки Рўзи Чориевни эслаб…“ филми яратилган (2004). Чориев асарлари республика ва хорижий мамлакатларнинг музейлари ва хусусий тўпламларида сақланади. „Чорвоқ водийси“, „Сурхондарё одамлари“ асарлари туркуми учун Ҳамза номидаги Ўзбекистон Давлат мукофоти лауреати (1983). "Эл-юрт ҳурмати" ордени билан мукофотланган (1998).
Адабиёт
- Валиуллина Н., Рўзи Чориев, Т., 1983.
| Ушбу мақолада Ўзбекистон миллий энсиклопедияси (2000-2005) маълумотларидан фойдаланилган. |
- 28-avgustda tugʻilganlar
- 1931-yilda tugʻilganlar
- Sherobodda tugʻilganlar
- 2004-yilda vafot etganlar
- 18-sentyabrda vafot etganlar
- Toshkentda vafot etganlar
- Hamza nomidagi Oʻzbekiston Davlat mukofoti laureatlari
- El-yurt hurmati ordeni sohiblari
- Oʻzbekiston SSR xalq rassomlari
- Respublika ixtisoslashtirilgan rassomlik maktabi bitiruvchilari