Жалолиддин Румий ёки Мавлоно Жалолиддин Румий (30-сентябр 1207, Балх, Афғонистон – 17-декабр 1273, Кўния, Туркия) – шоир ва мутафаккир. Тасаввуфдаги мавлавия тариқатининг асосчиси. Араб, форс ва туркий тилларида ижод қилган. Отаси Баҳоуддин Валад суфийлар ва фиқҳ Билимдони бўлган. Шу боис ҳам султон Муҳаммад Хоразмшоҳ (1199—1220) саройга таклиф этган. Лекин Валад унинг таклифини рад этиб, мактабдорлик ҳамда илмийи-ижодий иш билан машғул бўлган. Хоразмшоҳ билан келишолмаган Валад ҳаж сафари баҳонасида оиласи билан Балх шаҳрини тарк этган. Румий Макка йўлида Фаридиддин Аттор билан учрашган. 1220-йил Рум султони Алоуддин Кайқубод И нинг даъвати билан Кўня (Кичик Осиё) га келган. Румий Ҳалаб, Дамашқ ва Бағдод мадрасаларида ўқиган, мударрислик қилган.

Жалолидиин Маҳмуд Балхи Румий
Асл исми جلال‌الدین محمد بلخی
Таваллуди
Муҳаммад ибн ибн Хусайн Хусайни Хатиби Бакри Балхи

30-сентябр 1207-йил
Вафоти 17-декабр 1273-йил(1273-12-17)
(66 ёшда)
Коня, (ҳозирги Туркия) Кўния султонлиги
Тахаллуси Жалолиддин, Ходавандгар, Мавлоно, Хомуш
Ижод қилган тиллари Турк, форс
Фуқаролиги Хоразмшоҳлар империяси
Фаолият тури шоир, файласуф
Жанр сўфиёна, фалсафий
Румий қабри (Мавлоно музейи, Коня, Туркия).

Румий шахсияти камолотида шоир ва шайх Шамс Табризийнинг ўрни катта. У 3 йил Румийга дарс беради: фалсафа, хусусан, сўфийлик таълимотини ўргатади. Шоирнинг ўзи ҳам бир байтида „Агар Аттор менга руҳ бахш этган бўлса, Шамси Табризий тилсим калитини тутқазди“, деган. 1244-йил Румий устозини ниҳоятда ҳурмат қилгани учун ўз ғазалларида „Шамси Табризий“, „Шамси“ тахаллусларини қўллай бошлаган. Шоир ғазалларининг „Шамси Табризий девони“ номи билан шуҳрат қозонишининг боиси ҳам шунда [42 минг байтли „Девони Кабир“ („Улуғ девон“)нинг иккинчи номи „Девони Шамси Табризий“].

Румий ижоди усмонли турк адабиётининг сарчашмаси ҳисобланади.

Румийдан шеърлар девони, „Макотиб“, „Ичиндаги ичиндадир“ („Фиҳи мо фиҳи“) ҳамда „Маснавийи маънавий“ китоблари мерос бўлиб қолган. „Ичиндаги ичиндадир“ насрий асар бўлиб, олимнинг турли мажлис ва суҳбатлардаги фалсафий нутқларининг мажмуасидир. „Макотиб“ эса, муаллифнинг замондошлари ва устозлари билан бўлган турли ёзишмалари – мактубларидан иборат. Ҳар 2 асарда муаллифнинг ижтимоийфалсафий, ахлоқийтаълимий мушоҳадалари, тасаввуфга доир назарий қарашлари ўз ифодасини топган. Шоир девони турли жанрлардан иборат 25 минг байтдан зиёд шеърларни ўз ичига олган.

Румий шеърияти, асосан, илоҳий ишқ билан боғланган. У ўзининг барча асарларида ер-у кўкнинг соҳиби бўлмиш Аллоҳ ва унинг заминдаги халифаси ҳазрати инсонни улуғлайди. Р.нинг машҳур асари „Маснавийи маънавий“дир. Асарда Қуръони карим ва Ҳадиси шариф маъноларини ўзига сингдирган, инсон ҳаёти билан боғлиқ барча масалалар бадиий йўсинда баён этилган. 6 жилд (дафтар)дан иборат асарнинг дастлабки қисмларини адибнинг шогирди Ҳисомиддин Чалабий устози оғзидан ёзиб олиб, таҳлилдан ўтказган. Чалабий вафотидан сўнг муаллиф асарнинг давомини 10 йилда ёзиб тугатади. Қуръони карим оятларининг 70 фоизи моҳиятини ўзида мужассамлаштирган, 270 дан зиёд ҳикояларни, юзлаб панд-у ҳикматларни ўз ичига олган бу китоб ўз вақтида ва кейинчалик ҳам ёзувчи номининг дунёга кенг тарқалишига сабаб бўлган. Чунки Румий маснавийда ўзигача бўлган Шарқ-у Ғарб донишмандларининг фалсафий қарашларини, исломий фарзларни содда бир услубда, шеърий йўл билан бадиий ифодалаган. Агар Румий „Ҳар эрталаб беморлар шифо тилаб Исо алайҳиссалом эшигига боришгани“, „Лочиннинг ўрдакларни саҳрога чиқаргани“, „Зарвон аҳли қиссаси“, „Мажнун Лайли кўйида юрган итни ўпиб, эркалагани“, „Бўёқчининг хумига тушган шақалнинг товуслик даъво этгани“, „Хорут ва Морут қиссаси“ сингари қисса ва ҳикояларида пайғамбарлар ҳаётидан турли мўжизалар келтириб, исломий тасаввуфий ғояларни тарғиб этган бўлса, бошқа туркум ҳикояларида бевосита инсоннинг кундалик турмуши, илм-ма’рифат касб этиши, ҳунар ўрганиш йўлидаги риёзатларини бадиий тасвирлаб, чуқур фалсафий хулоса чиқаришга ундаган.

Румий ижоди юксак бадиияти билангина эмас, балки мантиқ кучи, фалсафий фикрларга бойлиги билан ҳам катта таъсир кучига эга. Унинг табиат ва жамият ҳодисаларининг доимий ўсиш, ўзгаришда экани, эскининг йўқолиб, янгининг пайдо бўлиши – „дунёнинг зиддиятлар бирлигидаги зиддиятлар жанги“дан иборатлиги тўғрисидаги қарашлари, немис файласуфи Гегелнинг эътирофича, унинг диалектик методни яратишига ёрдам берган.

Румий асарлари кўпчилик форсигўй ва туркигўй шоирлар ижодига катта та’сир кўрсатган, маснавийхонлик халқимиз ўртасида кенг тарқалган. Ўзбекистон Фанлар академияси Беруний номидаги Шарқшунослик институтида Румийнинг „Маснавийи ма’навий“ асари сақланади. Истиқлол йилларида Румий ҳаёти ва ижодига қизиқиш янада кучайди. Ш. Шомуҳаммадов, А. Маҳкам ва бошқа шоирнинг турли жанрдаги ше’рларидан намуналарни ўзбек тилига таржима қилишди. Шоир Жамол Камол „Маснавийи ма’навий“ таржимасини ниҳоясига етказди, 6 китобдан иборат бу йирик асарнинг 4 жилди босилиб чиқди (2002, 2003). „Ичиндаги ичиндадир“ асари ҳам ўзбек ўқувчиларининг ма’навий мулкига айланган.

Адабиётлар

  • Фиш Румий, Жалолиддин Румий, Т., 1986;
  • Жумаев Румий, Мавлоно Жалолиддин Румий, Т., 2003.
  • Учмоққа қанот йўқ вале учгайман [ривоятлар ва рубоийлар], Т., 1994;
  • Инжулар уммони, Т., 1988;
  • Ичиндаги ичиндадир, Т., 1997-йил;
  • Ишқ дафтари [рубоийлар], Т., 2000;
  • Маснавийи маънавий [6 ж.ли], 1—4ж.лар, Т., 2002-2006.06.25

Манбалар

Ҳаволалар