Rustam Abdurahmonov
- Википедияда исми Рустам ва фамилияси Абдураҳмонов бўлган бошқа кишилар ҳақида ҳам мақолалар мавжуд.
Рустам Абдураҳмонов (1905, Бухоро — ?, Тошкент) — журналист, таржимон, адабий танқидчи. У матбуот саҳифаларида Абдулла Қодирий, Мақсуд Шайхзода ва бошқа ёзувчилар ижоди ҳақида ўзининг вулгар-социологик қарашларини баён этган.
| Рустам Абдураҳмонов | |
|---|---|
| Таваллуди |
1905-йил Бухоро |
| Вафоти |
санаси ма’лум эмас Тошкент |
| Фуқаролиги | Бухоро амирлиги, БХСР, Ўзбекистон ССР |
| Соҳаси | журналистикажурналист, таржимон, адабий танқидчи |
| Иш жойлари |
„Озод Бухоро“, Ленин йўли“, „Илғор Сурхон учун“, „Колхоз йўли“, „Қизил Ўзбекистон“ газеталари; Ўзбекистон компартияси Марказий Комитети ҳузуридаги Партия тарихи институти. |
| Таълими | Ўрта Осиё Коммунистик университетининг журналистика факултети |
Дастлабки мухбирлик фаолияти
Рустам Абдураҳмонов 1905-йилда Ғиждувон туманида деҳқон оиласида туғилган. 8 ёшида новвойга шогирд тушиб, 9 йил новвойлик қилган. 1922-йили Марказий Россиядан Бухорога келган отлиқ аскарлардан бирининг оиласи билан танишиб, улардан ўқиш-ёзишни ўрганган. 1925-йилда Бухородаги икки йиллик педагоглар тайёрлаш курсини тугатгач, ўзи туғилиб ўсган қишлоқ мактабида ўқитувчилик қила бошлаган. Шу воқеадан бир йил аввал, 1924-йил кузида, мактаб саҳнасида „босмачи“ларга қарши ёзилган ва амир амалдорлари масхара қилинган песани кўрган Рустам Абдураҳмонов „Эски амалдорлар йўқолсин!“ деган мақола ёзган ва мақола „Озод Бухоро“ газетасида босилиб чиққан эди. У энди ўқитувчилик қилиш билан бирга қишлоқ мухбири сифатида ҳам қалам тебратиб, „Қизил Ўзбекистон“, „Ёш ленинчи“ газеталари ва „Муштум“ журнали саҳифаларида „Кўрган“, „Чумчуқ“, „Даракчи“, „Хабарчи“, „Кенжатой“ тахаллуслари билан, „Озод Бухоро“ газетасининг „Қармоқ“ ҳажвий бўлимида эса „Мулла Таёқ“ тахаллуси билан хабар, мақола, фелетон ва ҳажвий ше’рларни э’лон қилади.
Журналистик фаолияти
Рустам Абдураҳмонов 1927-йилдан бошлаб „Озод Бухоро“да ишлай бошлайди. 1928-йилда Ўрта Осиё Коммунистик университетининг журналистика факултетига ўқишга киради. Ўқишни тугатгач, 1930—1933-йилларда „Озод Бухоро“ газетаси ўрнига чиқа бошлаган „Бухоро пролетари“ газетасига муҳаррир этиб тайинланади. 1933—1941-йилларда „Ленин йўли“, „Илғор Сурхон учун“ вилоят ҳамда „Колхоз йўли“ ва „Қизил Ўзбекистон“ республика газеталарига муҳаррирлик қилади. Иккинчи жаҳон уруши бошланганидан сўнг армияга чақирилиб, 1942-йилнинг ноябридан Воронеж фронтида ўзбек тилида чиқа бошлаган „Ватан шарафи учун“ газетасига 1946-йилгача муҳаррирлик қилган, маёр даражасигача кўтарилган[1].
Илмий-ижодий фаолияти
Армия сафидан озод қилинган Рустам Абдураҳмонов 1946—1959-йилларда Ўзбекистон компартияси Марказий Комитети ҳузуридаги Партия тарихи институтида катта илмий ходим, таржима секторида илмий мудир, маслаҳатчи, директор ўринбосари лавозимларида хизмат қилади. Н.В.Гоголнинг „Ўлик жонлар“, Л.Н.Толстойнинг „Уруш ва тинчлик“, В.Г.Белинскийнинг „Гоголга хат“, Б.Полевойнинг „Чин инсон қиссаси“ асарларини ўзбек тилига ўгиради.
Рустам Абдураҳмонов адабий танқид билан ҳам шуғулланиб, „Мафкура майдонида курашни кучайтирайлик“, „Узангига кўтарилган“ („Очилган қўриқ“ романининг таржимаси тўғрисида) (1934), „Обид кетмон“ қиссаси ҳақида“ (1935) каби мақолалар ёзган. Муаллиф бу мақолаларида бадиий адабиётга вулгар социологизм нуқтайи назардан ёндашган[2].
Рустам Абдураҳмонов етарли адабий ма’лумотга эга бўлмагани ҳолда кейин ҳам адабиёт ва адабиёцҳунослик масалалари (масалан, Шайхзода ва Аҳмад Яссавий ижодлари)га аралашиб, вулгар-социологик қарашларини давом эттирган.