Википедияда исми Рустам ва фамилияси Шамсутдинов бўлган бошқа кишилар ҳақида ҳам мақолалар мавжуд.

Рустам Шамсутдинов (1939-йил 1-май, Андижон шаҳри, Андижон вилояти, Ўзбекистон ССР) – таниқли ўзбек тарихчи олими, тарих фанлари доктори, профессор. Тарихга оид фан дарсликлари муаллифи, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими. Андижон давлат университетининг Ўзбекистон тарихи кафедраси профессори, Андижондаги Қатағон қурбонлари хотираси музейи директори.

Рустам Шамсутдинов
Таваллуди 1-май 1939-йил
Андижон шаҳри, Андижон вилояти, Ўзбекистон ССР, ССР
Фуқаролиги SSSR bayrogʻi СССР→Oʻzbekiston bayrogʻi Ўзбекистон
Миллати ўзбек
Таъсир кўрсатган Ўзбекистон тарихига оид қўлланмалар, мактаб дарсликлари ҳамда олий таълим фан дарсликлари
Мукофотлари

Ҳаёти

Рустам Шамсутдинов 1939-йил 1-май куни Ўзбекистон ССРга қарашли бўлган Андижон вилоятининг маркази Андижон шаҳрида туғилган. Дастлаб Андижон шаҳридаги 30-сонли мактабда, сўнгра Жалолобод шаҳридаги 2-сонли мактабда таҳсил олган. 1960-йили Самарқанд давлат университетининг тарих факултетига ўқишга қабул қилинади. 1967-йилдан 1970-йилгача аспирантура таълим босқичида таҳсилини давом эттирди. Олийгоҳни 1964-йилда муваффақиятли тамомлайди. 1991-йилдан 1998-йилгача ҳамда 2008-йилдан 2013-йилгача Андижон давлат университетининг „Ўзбекистон тарихи“ кафедраси мудири сифатида ишлаган. 1995-йилдан 1998-йилгача „Тарих“ факултети декани сифатида фаолиятини олиб борган[1].

Фаолияти

Олим олийгоҳни тамомлаганидан сўнг, 1962-йилдан бошлаб тарих йўналишида илмий ишлар билан шуғулланишни бошлаган. 1970-йил СССР Фанлар академияси тарих институтида „Шўролар Туркистонида инқилобий қўмиталар“ мавзусида номзодлик диссертациясини ҳимоя қилди. 1987-йилда „Становлениэ и развитиэ Советов в Средней Азии (1917-1925 гг.)“ мавзусида докторлик диссертациясини ҳимоя қилган. Мазкур диссертацияни Москва шаҳридаги профессор Берхин илмий раҳбарлигида амалга оширган. 2011-йили Чор ҳукумати ва СССРнинг Туркистонда амалга оширган қатағон воқеалари ва уларнинг қурбонларини фаолиятини ўрганиш мақсадида „Мерос“ илмий-амалий халқаро жамоат фондига асос солган[2]. Рустам Шамсутдинов асосан, совет даврида Туркистон аҳолисининг мустақил давлат тузишга бўлган ҳаракатлари, жадидчилик фаолияти ва унинг асл моҳияти, Сталин даврида амалга оширилган қатағон воқеалари ва уларнинг қурбонлари, Иккинчи жаҳон урушига ўзбекларнинг қўшган ҳиссаси каби долзарб мавзуларда илмий ишлар билан шуғулланган. Олим ушбу мавзулар билан биргаликда, совет давридаги „қулоқлаштириш“ воқеаларни ҳам чуқур таҳлил этиб, илмий изланишлар амалга оширди. Бунда ўзнинг шогирдларидан ташкил топган илмий жамоа билан йирик илмий ишни олиб боришиб, якунда 2001-йилда олимнинг „Ўзбекистонда советларнинг қулоқлаштириш сиёсати ва унинг фожиали оқибатлари“ номли йирик китоби нашрдан чиқарилди[3]. 2013-йили унинг муаллифлигида „Ўзбекистон тарихи“ номли китоб чоп этилган[4]. Ушбу қўлланма, Ўзбекистондаги барча олий таълим муассасаларидаги йўналиши тарих бўлмаган барча факултетлар учун ўқув фан дарслиги сифатида жорий этилган. Олимнинг 1962-йилдан ҳозирга қадар 25 дан ортиқ қўлланма ва фан дарсликлари, 30 га яқин монографик тадқиқотлари ҳамда 400 га яқин илмий мақолалари чоп этилган. Илмий йўналишда изланишларни совет давридаги архив ҳужжатлардан фойдаланган ҳолда амалга оширган. Илмий раҳбарлигида 8 та номзодлик ва 2 та докторлик диссертациялар илмий кенгашда муваффақиятли ҳимоя қилинган. Тарихга оид изланишларини Тошкент, Душанбе, Москва, Юрмала, Боку, Таллин, Олмота, Бишкек, Анқара, Париж, Оксфордларда ўтказилган тарихга оид илмий конференсия ва анжуманларда Ўзбекистон тарихи ҳақида илмий маърузалар қилган.

Мукофотлари

Рустам Шамсутдинов 2 маротаба СССР давлат олий таълим вазирлигининг, Бутуниттифоқ „Билим“ жамиятининг ҳамда Ўзбекистон ССР Олий Советининг фахрий ёрлиқлари билан мукофотланган[5]. 1991-йил Ўзбекистон Республикаси Президентининг тегишли фармонига биноан, „Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими“ фахрий унвони билан мукофотланган. 2019-йили илмий изланишлари ва фаолияти учун „Меҳнат шуҳрати“ ордени билан тақдирланган. 2022-йили Ўзбекистон Республикаси маънавият ва маърифат маркази томонидан „Маънавият фидойиси“ кўкрак-нишони билан тақдирланган.

Манбалар

  1. ↑ "О'збекистон тарихи" илмий журнали. О'збекистон Республикаси Фанлар Академияси, 2019 — 107-бет. 
  2. ↑ „Профессор Рустамбек Шамсутдинов “Ҳар бир инсон ҳаёти давомида ўқиши шарт бўлган 10 китоб” тавсия қилади“. Ойина.уз.
  3. ↑ „СҲИЖОАТЛИ ОЛИМ ВА АЖОЙИБ ИНСОН“. Андижон давлат университети расмий сайти. 2024-йил 28-декабрда асл нусхадан архивланган. Қаралди: 2024-йил 28-декабр.
  4. ↑ О'збекистон тарихи. Тошкент: "Шарқ" нашриёти, 2013. 
  5. ↑ Бахтиёр Расулов. Профессор, тарих фанлари доктори Р.Т.Шамсутдинов илмий асарлари ро'йхати (1962-1993). Андижон: Бобур номидаги Андижон давлат университети, 1993 — 6-бет.