Зиёсферада исми Рустамбек ва фамилияси Умматов бўлган бошқа кишилар ҳақида ҳам мақолалар мавжуд.

Рустамжон Умматов (1952-йил 29-апрел; Наманган вилояти, Чортоқ шаҳри) – адиб, шоир, таржимон ва публицист[1]. „Энг улуғ, энг азиз“ танлови ғолиби (2001), Ўзбекистон Ёзувчилар ва Журналистлар уюшмалари аъзоси, Наманган давлат педагогика институтининг фахрий профессори, Турон ФА академиги (2017)[2].

Рустамжон Умматов
Таваллуди 1952-йил 29-апрел (1952-04-29) (74 ёш)
Ижод қилган тиллари Ўзбекча
Фуқаролиги Ўзбекистон ССР
Oʻzbekiston bayrogʻi Ўзбекистон
Таълими Наманган давлат педагогика институти
Фаолият тури Адиб
Шоир
Таржимон
Публицист

Ҳаёти ва ижоди

Рустамжон Умматов 1952-йил 29-апрел куни Наманган вилоятининг Чортоқ шаҳрида таваллуд топган. Адиб отаси уста Нуриддинни ўзининг илк устози сифатида кўришини таъкидлаб ўтган. Р. Умматов 1959—1969-йиллари Абу Али ибн Сино номли 57-ўрта мактабда, 1970—1974-йилларда Наманган давлат педагогика институтининг (ҳозирги НамДУ) тарих-филология факултетида таҳсил олган. Олий маълумотли бўлгач, Янгиқўрғон туманидаги 76-мактабда ўқитувчи (1974—1981), Наманган вилоят телерадиокомпаниясида муҳаррир, бўлим мудири, бош муҳаррир (1982—1999), Наманган ҳақиқати газетасида махсус мухбир (2000—2012), Қишлоқ ҳаёти газетасининг Наманган вилояти, кейинчалик Фарғона водийси бўйича мухбири (2001—2007) ва Адолат газетасининг Наманган вилоятидаги ўз мухбири вазифаларида ишлаган[3].

„Чароғбон“ (ҳужжатли қисса), „Кўнгил гавҳари“ (шеърлар), „Видо манзили“ (тарихий эссе), „Одам борки…“ (ҳикоялар, ҳажвиялар, ҳангомалар), „Унутмас мени боғим“ (ҳужжатли қисса) унинг ижодида алоҳида ўрин тутади. „Зулматда сўнган зиёлар“ (очерклар), „Оби равон“, „Самандар“, „Ахсикент“, „Чароғбонлар“ (энергетика тарихи), „Наманганнинг саркитоби“ каби асарларини эса адабий-тарихий тадқиқотлар сирасига киритиш мумкин. 2022-йили Наманган ва унинг атоқли намоёндалари ҳақида маълумот берувчи „Ғазнаи Намангон“ энсиклопедия нашрдан чиқди[4]. Шунингдек, жаҳон тарихининг икки порлоқ сиймоси – Заҳириддин Муҳаммад Бобур билан Наполеон Бонапарт ҳаёти ва фаолиятига қиёсий нуқтаи назардан ёндошиб яратилган „Бобуршоҳ ва Наполеон“ тарихий эссеси 2019-йили „Жаҳон адабиёти“ журналининг 2-3-сонларида эълон қилинди, 2024-йили китоб ҳолида („Янги аср авлоди“) нашрдан чиқди[5]. Айни кўкламда (2024) Р. Умматов „Қотилларни қолдириб доғда“ номли роман-тетралогия устидаги узоқ йиллик ижодий изланишини ниҳоясига етказди ва тўрт қисмдан иборат („Қотиллар ва қурбонлар“, „Қора лола“, „Диёнат ва хиёнат“, „Ханжар“) ушбу асарнинг дастлабки икки китобини босмахонага топширди.

Бундан ташқари, ёзувчининг вақтли нашрларда эълон қилинган шеър ва ҳикоялари, 1000 дан зиёд турли мавзулардаги очерк ва публицистик мақолалари ҳам бор.

Рустамжон Умматов бадиий таржима соҳасида ҳам баракали иш олиб бормоқда. Дастлаб Жюл Верннинг „Клодиус Бомбарнак“ (2012) ва Бруно Травеннинг „Олтин касофати“ (2014) романлари унинг таржимасида пойтахт нашриётларида чоп этилди. Р. Умматов томонидан ўзбекчалаштирган „Музлар исканжасида“ ва „Робинзонлар мактаби“ (Жюл Верн), Шарл Лораннинг „Наполеонзода“ ва „Наполеоннинг жосуси“, Александр Дюманинг „Икки Диана“ романлари 2016-йили „Янги аср авлоди“ нашриётида (адади беш минг нусха) босилган[6]. Франсуз адибаси Лоранс Коссе хоним (1950) қаламига мансуб малика Диананинг Алма тоннелидаги фожиаси (1997) ҳақидаги „31-август“ романи „Жаҳон адабиёти“ журналининг 2017-йилги 8-сонида, А. Дюманинг „Жаллод чангалидаги ошиқлар“ („Кавалер де Мезон Руж“) романи эса 2021-йилги 2-5-сонларида Р. Умматов таржимасида эълон қилинди („Жаллод чангалидаги ошиқлар“ 2023-йили китоб ҳолида нашрдан чиққан).

Мутаржим франсуз адиблари Анн ва Серж Голоннинг машҳур „Анжелика“ (14 жилдли) роман-сериалига қўл уриб, эпопеянинг дастлабки икки китобини рус тилидан ўзбекчага ўгиришни ниҳоясига етказди.

Шоир ва публицист, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист Ғуломжон Акбаров (1940—2018) шундай ёзганди:

Рустамжон Умматов деганда, талантли ёзувчи, эҳтиросли шоир, маҳоратли журналистни тушунаман. Унинг номи бугун республикада машҳурдир. Р. Умматов ҳамиша изланадиган, янгиликларни қидирадиган ва эринмай ўйлаб топадиган универсал ижодкор. Рустамжон, мени назаримда, одамларни қадрлай биладиган, бева-бечораларга раҳм қиладиган, дўстларидан тез-тез хабар оладиган ва бу билан ўзига порлоқ йўл очадиган инсон сифатида танилган. Мен бундай одамларни умрбод қадрлайман, ҳурмат қиламан.

Оиласи

Отаси – Нуриддин Умматов 1914-йили Наманган вилоятининг Чортоқ туманида туғилган. Урушгача далада ишлаган, Катта Фарғона канали қурилишида қатнашган. 1939-йил декабр ойида ҳарбий хизматга кетиб, Луцк шаҳрида (Украина) хизмат қилган. Иккинчи жаҳон уруши вақтида партизанлик ҳаракатларида қатнашиб, битта медал ва иккита орден олган. Н. Умматов 1944-йил июн ойида урушдан омон қайтади ва колхозда бригадир бўлиб ишлайди. Кейин 25 йил косибчилик билан шуғулланган ва 1987-йил 22-июн куни (73 ёшида) вафот этган. Қурбон ойида туғилгани учун отаси унга аввалбошда Қурбонали деб исм қўйган экан.

Онаси – Сожирахон Умматова 1925-йили Наманган вилоятининг Чортоқ туманида туғилган. Урушгача бошланғич мактабда ўқиган: лотинча саводи бўлган. С. Умматова 2012-йил 2-декабр куни (87 ёшида) вафот этган.

Улар 1946-йилнинг ёзида турмуш қуришган ва 9 фарзанд кўришган. Вояга етган ўғил-қизлари: Рустамжон Умматов (1952), Саидахон (1954), Муҳаммадамин (1959—2003), Ҳабибахон (1963), Муҳаммадраҳим (1967).

Р. Умматов турмуш ўртоғи Жамилахон (1957) билан Моҳиржон, Абдурасул, Сарварой, Абдурашид ва Абдусаттор исмли тўрт ўғил, бир қизли бўлишди, ўндан ортиқ набиралари бор.

Асарлари

  • Чароғбон (ҳужжатли қисса, 2000).
  • Зулматда сўнган зиёлар (очерклар, 2000).
  • Қутлуғ даргоҳ (Наманган, 2002).
  • Кўнгил гавҳари (шеърлар, 2002).
  • Видо манзили (тарихий эссе, Андижон, 2005).[7]
  • Оби равон (суғориш тизимлари тарихи, 2007).
  • Самандар (ёнғин хавфсизлиги тарихи, 2007).[8]
  • Ахсикент (ҳаммуаллифликда, „МУМТОЗ СЎЗ“, 2009).
  • Одам борки… (ҳикоялар, ҳажвиялар, ҳангомалар, „ДАВР ПРЕСС“, 2009).[9]
  • Самандар (қайта ишланган ва тўлдирилган нашри, „ДАВР ПРЕСС“, 2009).
  • Чароғбонлар (энергетика тарихи, ҳаммуаллиф – Р. Мусаев, „СҲАРҚ“ НМАК, 2016).
  • Наманганнинг саркитоби (Тошкент, „ВОРИС“, 2019).
  • Унутмас мени боғим (ҳужжатли қисса, „ЎЗБЕКИСТОН“, 2019).
  • Бобуршоҳ ва Наполеон (тарихий-қиёсий эссе, „Жаҳон адабиёти“ журнали, 2019, 2-3-сонлар).[10]
  • Ғазнаи Намангон (энсиклопедия, 1-китоб, „СҲАРҚ“ НМАК, 2022).[11]
  • Бобуршоҳ ва Наполеон (тарихий-қиёсий эссе, „Янги аср авлоди“, 2024).

Таржималари

  • Клодиус Бомбарнак (Жюл Верн, роман, „СҲАРҚ“ НМАК, 2012).
  • Олтин касофати (Бруно Травен, роман, „ДАВР ПРЕСС“, 2014).
  • Наполеонзода (Шарл Лоран, роман, „Янги аср авлоди“, 2016)[12].
  • Наполеоннинг жосуси (Шарл Лоран, роман, „Янги аср авлоди“, 2016)[13].
  • Робинзонлар мактаби (Жюл Верн, роман, „Янги аср авлоди“, 2016)[14].
  • Музлар исканжасида (Жюл Верн, қисса, „Янги аср авлоди“, 2016)[15].
  • Икки Диана (Александр Дюма, роман, „Янги аср авлоди“, 2016)[16].
  • 31-август (Лоранс Коссе, роман, „Жаҳон адабиёти“ журнали, 2017, 8-сон)[17].
  • Жаллод чангалидаги ошиқлар (Кавалер де Мезон Руж, Александр Дюма, роман, „Жаҳон адабиёти“ журнали, 2021, 2-5-сонлар)[18].
  • Икки Диана (А. Дюма, роман, 2-нашр, „Янги аср авлоди“, 2022).
  • Жаллод чангалидаги ошиқлар (Кавалер де Мезон Руж, А. Дюма, роман, „Янги аср авлоди“, 2023).
  • Икки Диана (А. Дюма, роман, 3-нашр, „Ёшлар матбуоти“, 2025).

Манбалар

  1. ↑ „РУСТАМЖОН УММАТОВ 69 ёшда“. 2023-йил 22-мартда асл нусхадан архивланган. Қаралди: 2023-йил 22-март.
  2. ↑ „Рубрика: Рустамжон Умматов (1952)“. 2023-йил 28-мартда асл нусхадан архивланган. Қаралди: 2023-йил 29-март.
  3. ↑ „Ёзувчи ва журналист Рустамжон Умматов билан суҳбат“. 2023-йил 31-мартда асл нусхадан архивланган. Қаралди: 2023-йил 31-март.
  4. ↑ „НамМҚИда «Ғазнаи Намангон» энсиклопедияси тақдимоти ўтказилди“. намдту.уз. Наманган муҳандислик-қурилиш институти. Қаралди: 3-сентабр 2025-йил.[сайт ишламайди]
  5. ↑ „Рустамжон УММАТОВ БОБУР ВА НАПОЛЕОН“. 2023-йил 28-мартда асл нусхадан архивланган. Қаралди: 2023-йил 29-март.
  6. ↑ „В Намангане переводят на узбекский язык французских классиков“. 2023-йил 31-мартда асл нусхадан архивланган. Қаралди: 2023-йил 31-март.
  7. ↑ „Видо манзили (Эссе)“. 2022-йил 9-июлда асл нусхадан архивланган. Қаралди: 2023-йил 22-март.
  8. ↑ „Рустамжон Умматов. Самандар“. 2023-йил 28-мартда асл нусхадан архивланган. Қаралди: 2023-йил 29-март.
  9. ↑ „Рустамжон Умматов. Одам борки...“. 2023-йил 28-мартда асл нусхадан архивланган. Қаралди: 2023-йил 29-март.
  10. ↑ „Рустамжон Умматов. Бобур ва Наполеон“. 2023-йил 28-мартда асл нусхадан архивланган. Қаралди: 2023-йил 29-март.
  11. ↑ „Наманган вилоят энциклопедиясининг биринчи жилди нашрдан чиқди“. 2023-йил 28-мартда асл нусхадан архивланган. Қаралди: 2023-йил 29-март.
  12. ↑ „Шарл Лоран. Напалеонзода“. 2022-йил 2-мартда асл нусхадан архивланган. Қаралди: 2023-йил 29-март.
  13. ↑ „Шарл Лоран. Напалеоннинг жосуси“. 2022-йил 2-мартда асл нусхадан архивланган. Қаралди: 2023-йил 29-март.
  14. ↑ „Жюл Верн - Робинзонлар мактаби“. 2023-йил 28-мартда асл нусхадан архивланган. Қаралди: 2023-йил 29-март.
  15. ↑ „Рустам Умматов“. 2023-йил 22-мартда асл нусхадан архивланган. Қаралди: 2023-йил 22-март.
  16. ↑ „Александр Дюма. Икки Диана“. 2022-йил 2-мартда асл нусхадан архивланган. Қаралди: 2023-йил 29-март.
  17. ↑ „Лоранс КОССЕ (1950 йилда туғилган) 31 АВГУСТ“. 2023-йил 22-мартда асл нусхадан архивланган. Қаралди: 2023-йил 22-март.
  18. ↑ „Александр ДЮМА (1802–1870) Жаллод чангалидаги ошиқлар“. 2023-йил 28-мартда асл нусхадан архивланган. Қаралди: 2023-йил 29-март.

Адабиётлар

  • Ҳомидий Ҳ, Маъмуров М. Наманган адиблари. Тошкент, „Фан“, 2007.
  • Боқий Мирзо. Чортоқ антологияси. Тошкент, „Янги аср авлоди“, 2019.
  • Носиров Қ. Наманган адабий ҳаётидан лавҳалар – Заметки о литературной жизни Намангана. Наманган, 2020.
  • Маҳкамов И. ХХИ аср Наманган адабий бўстони. „Истеъдод зиё пресс“, 2024.
  • Қосимов А. Наманган мумтоз адабиёти. „Тахайюл пресс“, 2024.
  • Жамолиддин Муслим. Гулшан диёр куйчилари. (Тўплам.) Тошкент, „Наврўз“, 2014.
  • Чортоқ тумани тарихи. Тошкент, „Университет“, 1995.
  • Бадиий адабиёт ўзбек тилига таржимада. (Библиографик кўрсаткич: 1990–2017.) Тошкент, Миллий кутубхона нашриёти, 2019.
  • Азизов М, Ҳайдарова Д. Маънавият сарчашмалари. Наманган, 2009.
  • Халилбеков А. Наманган адабий гулшани. Наманган, 2007.
  • Байбулатов А. Романтика приключений Рустамжона Умматова. „Наманганская правда“, 29.04.2022.
  • Содиқов З. Франсуз тарихий романларининг наманганлик таржимони. „Наманган ҳақиқати“, 2016-йил 8-сентябр.
  • Абдуллаев Н. Зачарованний Жюлем Верном и Балзаком. „Народное слово“, 10.10.2018.
  • Содиқ Сайҳун. Нодир Наманганнома (ёхуд ўзига хос Рустамона маънавият бўстони). „Шифокор ва ҳаёт“, 2023 йил 14-15-сонлар.
  • Абдуллаев Н. Бабур и Наполеон: что обшего между ними? „Наманганская правда“, 22.02.2019.
  • Нишонов И. Олим-адиб, дўст-устоз. „Наманган ҳақиқати“, 2022-йил 30-апрел.
  • Носир Аббос. Адабиёт – тилшуносликдир. „Наманган ҳақиқати“, 2017-йил 18-феврал.
  • Байбулатов А. Ассалому алейкум, жаноб Бомбарнак! „Наманганская правда“, 2012.
  • Садиков З, Байбулатов А. Искусство перевода. „Наманганская правда“, 2016.
  • Решетников И. В Намангане переводят на узбекский язик франсузских классиков. „Наманганская правда“, 2017.

Ҳаволалар