Сабзи — соябонгулдошлар оиласига мансуб икки, қисман бир йиллик ўцимон ўсимликлар туркуми, сабзавот экини. Сабзининг 60 дан ортиқ тури бор. Бир тури (Д. cарота) — маданий сабзилар экилади. Бу тур Ғарб (Ўрта Ер денгизи ҳавзасидан келиб чиққан 4 хил — каротинли, сариқ, оқ, бинафшаранг сабзилар) ва Осиё (Афғонистон ва унга яқин ҳудудлардан келиб чиққан 6 тур хил — сариқ, бинафшаранг, қизил, тўқ бинафшаранг, пушти, оқ сабзилар) кенжа турига бўлинади.

Жаҳондаги деярли барча мамлакатларда каротинли навлари етиштирилади. Деҳқончиликда милоддан аввалги 2-минг йилликдан маълум. Хитой, Франсия, Италия, Россия ва бошқа мамлакатларда кўп экилади. Жаҳон бўйича сабзи экин майдони 861 минг га, ялпи ҳосили 18,4 млн. т, ҳосилдорлиги 214,3 с/га (1999). Сабзи 1-йили барг чиқариб, илдизмева беради, 2-йили гулпоя чиқариб уруғ беради. Сабзи намсевар (айниқса, униш, гуллаш ва илдиз мева тугиш даврида), ёруғсевар, совуққа чидамли ўсимлик (майсалари — 2° га чидайди). Уруғи 4—5° да униб чиқади. 18—20° да яхши ривожланади. Ўсув даври 80—110 кун. Осиё кенжа турига кирадиган сабзи барглари япроқли, 3 карпа пацимон қирқилган. Гули 2 жинсли, тўпгули мураккаб соябон, ҳашаротлар ёрдамида чангланади. Уруғи майда, 1000 донаси 1—1,5 г. Илдизмеваси серсув, навига қараб думалоқроқ, силиндрсимон, ранги сариқ, оқ ва баъзан қизғиш, оч қизил, уз. 8—17 см, вазни 30—200 г ва ундан ортиқ. Сабзи (илдизмеваси)да 10—12% қанд, 9,2% углеводлар, 1,1% азотли моддалар ва С, В,, В2, РР витаминлари, 9,0 (20—25 гача) мг% каротин бор. Сабзи инсон озиқ-овқат рационида муҳим ўринда туради. Хашаки навларининг илдизмеваси ранги оқ, асосан, чорвачиликда озуқа сифатида ишлатилади. 100 кг илдизмевасида 14 озуқа бирлиги, 0,8 кг ҳазм бўлувчи протеин, 80 г калсий, 50 г фосфор бор. Сабзи озиқ-овқат ва ширали озуқа сифатида, шунингдек, бошқа маҳсулотлар олишда хом ашё сифатида ишлатилади. Сабзи бир йилда 3 марта экилади. Эртагиси феврал охири март бошларида, ёзгиси 15 июн—15 июлда, қишкиси ноябр охири декабр бошларида экилади. Уругъи 4° да 12—20 кунда униб чиқади. Униб чиқишига қадар сувга жуда талабчан. Қатор ораси 60, қатордаги тасмалар оралиғи 15—20 см схемада экилади. Иккинчи яганадан кейин ўсимликлар оралиғи 5—7 см бўлиши керак, 1 га ерга 6–7 кг уруғ сарфланади. Ўсув даврида ўтоқ қилинади, яганаланади, қатор ораси юмшатилади, озиқлантирилади, 7—12 марта суғорилади. Сабзи ялпи кавлаб олинади. Ҳосилдорлиги 60-70 ст/га. Янгилигида истеъмол қилинади, консервалар, тиббиётда эса сабзидан турли дори-дармонлар тайёрланади. Шимолий раёнларда ва Европа мамлакатларида, асосан, қизил, Марказий Осиё мамлакатларида сариқ сабзи экилади. Ўзбекистонда халқ селексиясида сабзининг жуда кўп навлари яратилган. Ҳозирги даврда сабзининг Мушак 195 (эртапишар) ва Нурли (ўртапишар), Мирзой қизил 228, Мирзой сариқ 304 (ўрта эртаги), Нант 4, Шантане 2461 (ўртаги) ва Зийнатли, Каскаде Ғ,, Пума Ғ ва бошқа навлари ва дурагайлари экилади.

Зараркунандалари: сабзи пашшаси, куялар, ўтлоқ парвонаси.

Касалликлари: фомоз, алтернариоз, склеротиниоз ва бошқа

Адабиёт

  • Балашев И. Н., Земан Г. О., Сабзавотчилик, Т., 1982; Бўриев Х.Ч., Абдуллаев А., Томорқа сабзавотчилиги, Т., 1989.

Абдунаби Ҳакимов.[1]

Манбалар

  1. ↑ ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил