Фахриддин Али Сафий(арабча: فخر الدين علي صافي — Фахриддин Али Сафий — Тўлиқ исми: Фахриддин Али Сафий ибн Камолиддин Ҳусайн Воиз Кошифий) — тасаввуф ва хожагония, нақшбандия, аҳрория тариқати тазкирачиси.

Фахриддин Али Сафий
Шахсий маълумотлар
Дини Ислом
Танилган соҳаси Тасаввуф, Хожагония - Нақшбандия - Аҳрория тариқати тазкирачиси

Фахриддин Али Сафий (тахаллуси Сафий) (1463-йил 11-феврал, Сабзавор — 1532-1534-йиллар, Ҳирот) — тарихчи ва файласуф, шоир, воиз, таржимон[1].

Таълим

Ҳусайн Воиз Кошифийнинг ўғли. Илк сабоқни отасидан олган. 1468-йилда оиласи Ҳиротга кўчиб келган. Фахриддин Али Сафий Қаршида Хожа Аҳрор Валий билан илк марта учрашиб, 4 ой унинг хизматида бўлган (1484). Кейинчалик Самарқандга келиб 8 ой унинг ёнида турган ва котиблик қилган (1487). У Хожа Аҳрордан эшитганларини доимо ёзиб борган. Хожа Аҳрор вафотидан сўнг Ҳиротга қайтиб Ҳусайн Бойқаро хизматига кирган ва отаси сингари унинг воизи бўлган. Шаҳар шайбонийлар тасарруфига ўтгач, бир йилга яқин зиндонда ётади. Кейин Гуржис­тонга ҳижрат қилади. Ҳирот сафавийлар ҳукмронлиги остига ўтганидан сўнг қайтиб келиб, воизлигини яна давом эттиради.

Ижоди

Фахриддин Али Сафий форс тилида 10 га яқин асарлар ёзиб қолдирган. „Рашаҳот айн алҳаёт“ („Оби ҳаёт томчилари“; қисқача „Рашаҳот“), „Латоиф уттавойиф“ („Латофатнома“ номи билан 1996-йил Тошкентда нашр этилган), „Анийсул орифин фил мавоиз“ („Доноларнинг нутқ пайтидаги йўлдоши“), „Ҳирз уламон мин фитан иззамон“ („Замоннинг фитналаридан сакловчи тумор“), „Кашфул асрор“ („Сирлар кашфи“) асарлари ва „Махмуд ва Аёз“ лирик достон муаллифи. У Шаҳобуддин Суҳравардийнинг „Уюн алҳақоиқ ва изоҳ алтароиқ“ („Ҳақиқатлар булоғи ва тариқатлар изоҳи“) асарини арабчадан форс тилига таржима қилган.

Тасаввуф намояндалари ҳақидаги „Рашаҳот“ (1503) асарида машҳур шайх Хожа Аҳрорнинг ҳаёти ва фаолиятидан ташқари Мовароуннаҳр ва Хуросонда яшаб ўтган юзлаб шайхлар (асосан, Бухоролик 7 пир)нинг ҳам таржимаи ҳолларини келтирган. Асарда Мовароуннахрнинг ХВ асрдаги ижтимоийиқтисодий, сиёсий ва маданий аҳволига оид қимматбаҳо маълумотлар мавжуд. Бу асар тасаввуф тарихини ўрганишда, Ўрта Осиёда яшаган машҳур мутасаввифлар, олимлар ва шайхларнинг ҳаётини тадқиқ этишда муҳим манба қисобланади. „Рашаҳот“ дебоча, муқаддима, 3 боб ва хотимадан иборат. Асар форс тилида Ҳиндистон (1890, 1897, 1906)да, Тошкент (1911)да нашр этилган. Унинг арабча (1852, 1889), туркча (1888) таржималари ҳам чиққан. Хоразмда домла Худойберган ибн Бекмуҳаммад томонидан эски ўзбек тили (1879)га қилинган таржимаси Тошкентда шарқшунос олимлар — Маҳмуд Ҳасаний ва Баҳриддин Умрзоқ томонидан нашр қилинди (2003, 2004). Бу асарнинг 50 дан ортиқ қўлёзма нусхалари Ўзбекистон Фанлар академияси Шарқшунослик интида сақланади.

Алишер Навоий „Мажолис ун-нафоис“да Али Сафийнинг дарвештабиат, фонийсифат ва дардмандшева йигитлиги, Хожа Аҳрор суҳбатига муяссар бўлгани, ундан қабул шарафи ва иршод талқинини топиб Ҳиротга қайтгани ҳақида маълумот беради. Шеърий салоҳиятини таърифлаб, намуна сифатида бир байтини келтиради[2][3][4][5]

Асарлари

  • „Рашаҳоту айни-л-ҳаёт“,
  • „Латоифу-т-тавоиф“,
  • „Анийсу-л-орифийн фи-л-мавоиз“,
  • „Ҳирзу-л-амон мин фитани-з-замон“,
  • „Кашфу-л-асрор“,
  • „Маҳмуд ва Аёз“

Манбалар

  1. ↑ Ўрта аср шарқ алломалари ва мутафаккирларининг тарихий-фалсафий мероси энсиклопедияси. — Самарқанд. Имом Бухорий халқаро маркази, 2016. — Б. 603-604.
  2. ↑ "Латофатнома". 
  3. ↑ "Алишер Навоий: Қомусий луғат". 
  4. ↑ "Рашаҳот". 
  5. ↑ "Ўзбекистон халқлари тарихи манбалари".