Сажох - сохта пайғамбар аёл. Ўзини худонинг элчиси деб эʻлон қилган ва исломни қабул қилган арабларнинг бир қисмини йўлдан уришга эришган. Сажох тағлибийлар орасида вояга етган ва улар орасида тарқалган христианликдан яхши хабардор бўлган. Муҳаммад (сав) ҳаётликлари чоғидаёқ у худони "булутлар эгаси" деб атаб, ундан хабарлар келаётганини билдирган. "Ваҳийлар"ни қофияли сажʻ усулида, махсус минбардан туриб айтган, ибодатга чақирувчи муаззини ҳам бўлган. Ироқдан Сажох бир гуруҳ тарафдорлари билан ўзининг қадрдон тамим қабиласи ҳудудига кўчиб ўтган, у ерда қабиланинг ўзаро курашаётган қисмини бирлаштиришга муваффақ бўлиб, уларни ҳарбий юришларга бошлаб борадиган сиёсий раҳбарга айланган. Бир неча муваффақияцизликлардан сўнг 633 йилда тамимийлар Ямомага бостириб кирганлар. Бу ерда ҳанифа қабиласи бошлиғи, "пайғамбар" Маслама (Мусайлима) ички низоларни тинчитиш ва мусулмонларнинг ҳужумларини қайтариш билан банд эди. У Ямомадан олинадиган икки ҳосилнинг ярмини бериш эвазига тамимийлардан қутулган. Сажох билан Маслама ўртасида яна қандайдир бир вақтинчалик шартнома ҳам тузилган. Мусулмон ривоятларига кўра, улар ўртасида никоҳ шартномаси тузилиб, мусулмонлар билан бўлган жангда Сажох Маслама ёнида ҳалок бўлган. Аслвда эса, Сажох Ямомага қилинган юришдан сўнг Ироққа қайтиб, кейинчалик ўша ерда исломни қабул қилган.