Самад Беҳрангий (1939-1968) замонавий Эрон адабиётининг ёрқин сиймоларидан биридир.

У 1939 йилнинг 23-июнида Эроннинг Табриз шаҳрида дунёга келган. Самед ўрта мактабни тамомлагандан сўнг 1955 йилда муаллимлар тайёрлаш билим юртига ўқишга кирган. Талабалик пайтида ҳамфикр дўстлари билан бирга “Гулуш” номли сатирик журнал чиқара бошлаган. 1957 йилдан умрининг охиригача Эроннинг озарий қишлоқларида муаллимлик қилган. Шу билан бирга озарий қишлоқларини кезиб халқ оғзаки ижоди намуналарини тўплаган. 1963 йилда халқ оғзаки ижоди намуналаридан иборат “Пора пора” (шеър ва тез айтишлар) китоби нашр қилинган. Бир неча турк ёзувчиларининг асарларини озарий лаҳжасига ўгирган. Унинг “Эрон таълим тизими муаммолари” ва “Озарбайжон мактаблари учун озарий алифбо” номли китоблари катта баҳс ва мунозараларга сабаб бўлган. 1967-1968 йиллар адиб ижодининг энг сермаҳсул даври бўлган. Италиянинг номдор “Булуми Олтин Мукофоти”га сазовор бўлган “Қора балиқча” асари ҳам 1968 йилда босилган ва ўша йилнинг ўзида дунёнинг жуда кўплаб тилларига таржима қилинган.

Самед Беҳрангий 1968 йилнинг сентабрида фожиали бир тарзда ҳаётдан кўз юмган. Адибнинг Арас дарёсига чўкиб ўлгани ҳақидаги хабар Эрон халқи билан бирга унинг асарларини ўқиган барча китобхонларни қайғуга ғарқ қилди.