„Самария“ — Абу Тоҳирхожа Самарқандийнинг Самарқанд ш. тарихига оид асари. „Самария“ 11 боб, муқаддима ва хотимадан иборат бўлиб, Самарқанднинг бунёд этилиш тарихи, шаҳарнинг Самарқанд деб аталиш сабаблари, географик ҳолати, об-ҳавоси ва ХИХ асрнинг И чорагига қадар сақланиб қолган осорй атиқалари, шунингдек, масжид ва мадрасалар, кўшклар ва мозорлар ҳақида маълумот беради. Бундан ташқари, асарда машҳур тарихий шахслар, исломнинг кўзга кўринган намояндалари ва уларнинг ҳаётига оид ахборотлар ҳам кўп. Асар ўтган асрнинг сўнгги чорагида В. Л. Вяткин томонидан 1-марта рус тилига таржима қилиниб, 1898-йилда Самарқандда чоп қилинган. Н. И. Веселовский томонидан асарнинг кўҳна қўлёзма нусхалари асосида 1904-йил Санкт-Петербургда форс-тожикча танқидий матни босилган. Веселовский „Самария“нинг мазкур нашрига К. П. Кауфман амри билан Нуриддин Басир (Қутби чаҳордаҳўм номи билан машҳур бўлган, 1878-йилнинг август ойида портлатиб юборилган) мозорининг расми ва лойиҳасини ҳамда мозорга вақф қилинган ерсув ва мулк ҳақидаги вақфномани илова қилган. Асар 1921-йил форсчадан ўзбек тилига Абдулмўмин Сатторий томонидан таржима қилинган. 1925-йил С.Айний таҳрири билан нашрга тайёрланганича қолиб кетган. 1991-йил „Самария“нинг шу нусхаси (нашрга тайёрловчилар Б. Аҳмедов, А. Жувонмардиев) ўзбек тилида Тошкентда нашр этилган. Қўлёзма нусхаси Ўзбекистон Фанлар академияси Беруний номидаги шарқшунослик институтида сақланмоқда. (инв. № 600).

Адабиёт

  • Абу Тоҳирхожа, Самария, Т., 1991.[1]

Манбалар

  1. ↑ ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил