Сан-Жуан – Пуэрто-Риконинг маъмурий маркази, Пуэрто-Рико оролининг шимолий соҳилида жойлашган йирик порт. Аҳолиси - 438 минг киши (1995, шаҳар атрофи билан 1 млн. киши). Мамлакатнинг саноат, савдо ва маданий маркази. Иқлими тропик иқлим, январнинг ўртача температураси 24°, июлники 28°. Йиллик ёғин 1550 мм. Транспорт йўллари тугуни. Аэропорти халқаро аҳамиятга эга.

Сан Жуан

Порт орқали четга шакар-қанд, ром, тамаки, кофе, сабзавот ва мевалар экспорт қилинади. Озиқ-овқат, кўн-поябзал, тўқимачилик, машинасозлик, семент, нефтни қайта ишлаш ва кимё саноати корхоналари бор. Шаҳарга 1508-йилда асос солинган ва дастлаб Капарра, 1521-йилдан янги жойга кўчирилиб Пуэрто-Рико (испанча – бой порт) деб номланган. Кейинчалик оролни Пуэрто-Рико, шаҳарни эса Сан Жуан деб атай бошлаганлар. Меъморий ёдгорликлардан қасрлар (1533), собор (1540—1587), черков (1929) сақланган. Университет, Испан тили академияси, Пуэрто-Рико маданияти институти, кутубхона, музей ва театрлар бор[1].

Манбалар

  1. ↑ ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил