Сапротрофлар (юн. сапрос чириган ва ...троф) — ўсимликларнинг органик қолдиғи, ҳайвонлар мурдаси ва ахлати билан озиқланадиган организмлар С. органик моддаларни минераллаштириши туфайли табиатда моддалар айланиши жараёнида муҳим аҳамиятга эга. С.га бактериялар ва замбуруғлар билан бирга сапрофитлар — айрим сувўтлар, юксак ўсимликлар киради. С. ҳайвонлар — сапрофагларга ёмғир чувалчанглари, тупроқ ва сувда яшовчи кўпчилик нематодалар ва бир ҳужайралилар, айрим ҳашаротлар (ўлимтикхўр қўнғизлар, гўнгхўрлар, иккиқанотлилар қуртлари), қисқичбақасимонлардан, асосан, ёнлаб сузарлар, дарё қисқичбақалари, сут эмизувчилар (гиена ва бошқалар), қушлар ( қарғалар, қузғунлар), факултатив С.га кўпчилик йиртқич ва ҳаммахўр ҳайвонлар киради. Сув С.и сувнинг биологик тозаланишида иштирок этади. Тупроқ С.и тупроқ ҳосил бўлишида қатнашиб, тупроқ ҳосилдорлигини оширишга ёрдам беради.[1]

Манбалар

  1. ↑ ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил