Саралаш (чорвачиликда) — эркак ва урғочи наслдор ҳайвонлар ва паррандаларни мақсадли йўналишда режа асосида чатиштириш С. танлаш билан чамбарчас боғлиқ бўлиб, наслчилик ишларида ота-онага хос бўлган селексион белгиларни авлоддан авлодга ўтиши хусусиятини сақлаб қолиш мақсадларида ўтказилади. Селексия амалиётида урғочи ҳайвонларга эркак ҳайвонларни жуфтлаш бўйича якка, ялпи ва ялпиякка С. шакллари қўлланади. Якка тартибда С.да ҳар бир она молга якка тартибда маълум бир тизим ва оилага мансуб эркак ҳайвон жуфтланади. Наслчилик хўжаликларида қўлланади. Ялпи С.да гуруҳсаги она моллар, асосан, 2 эркак ҳайвонга бириктирилади. Бу шакл наслчилик бўлмаган хўжаликларда ишлатилади. Яккаялпи С.да подадаги ҳар бир гуруҳ она ҳайвонларга 1 эркак ҳайвон жуфтлантирилади ва наслчилик стяларида амалга оширилади. С.да белгиларнинг ўхшаш ёки ўхшаш бўлмаслиги бўйича гомоген ва гетероген турлар мавжуд. Гомоген С.да тана тузилиши, йўналиши, маҳсулдорлик даражаси яқин бўлган ота ва она ҳайвонлар жуфтланади. Гетероген С.да эса типи, келиб чиқиши ва маҳсулдорлик хусусиятлари ҳар хил эркак ва урғочи ҳайвонлар танлаб олинади. Гетероген С. гетерозиготалик ҳолатини кучайтиради. Зот ичида гетероген С.ни қўллаш кроссларни яратишда муҳим аҳамиятга эга. С.да ҳайвонларнинг ёши ҳам муҳим ва етук ёшдаги ҳайвонлар жуфтлаштирилганда улардан олинадиган авлодлар ҳар томонлама бақувват бўлади. С.да қариндошлик даражаси бўйича қариндош (инбридинг) ва ўзаро қариндош бўлмаган (аутбридинг) ҳайвонларни жуфтлаштириш усуллари мавжуд.

Чорвачилик селексиясида С. усуллари ва шаклларидан фойдаланиш кенг йўлга қўйилган. Масалан, Сантагертруда қорамол зотинн яратишда дастлаб шортгорн зотини Ҳиндистондан келтирилган зебу билан гетероген сараланган. Кейинчалик "ўз ичида" қариндошлик урчитиш натижасида фойдали белгилар юзага чиқиб, зотга хос биологик хусусиятлар ирсиятда мустаҳкамланган. Ўзбекистонда бу зотнинг бир неча тизимлари ва 20 дан ортиқ сигирлар оиласи яратилган. Йилқичиликда гетероген С. усулларидан фойдаланиб англия зоти билан қорабайир ва англия зоти билан ахалтака зотини С. орқали улардан англияқорабайир ва англияахалтака дурагайлари олиниб, от спортида самарали фойдаланилмоқда.

Изатулла Эшматов.[1]

Манбалар

  1. ↑ ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил