Саратонлар, жизилдоқлар, сикадалар (Cиcадинеа) – тенгқанотлилар туркумига мансуб ҳашаротлар кенжа туркуми. 17 минг тури маълум. Ўзбекистоннинг Фарғона водийсида 342 тури аникланган (Г. К. Дубовский, 1966-йил). Ғўза, беда, мевали дарахтлар, ўрмон дарахтлари ва бошқаларга зарар келтирадиган ўнлаб турлари бор. Саратон жуда серҳаракат. Танаси узунлиги 25–50 мм, боши кўкрак қисмига ҳаракациз бириккан. Мураккаб кўзларидан бошқа яна 2-3 та оддий кўзи ҳам бор. Қанотлари бирбирига тахланиб ёпилади; олдинги жуфт қанотлари орқа қанотларга нисбатан қалинроқ. Мўйловли ва панжаси уч бўғимли. Личинкалик даври 5 ёшдан иборат, тупрокда яшаб, ўсимлик илдизлари билан овқатланади, кўпчилик турлари бир йилда 1-2 авлод беради. Ривожланиш сикли 4 йил ғўза саратони, баъзилариники 17 йил (куйловчи саратон) давом этади. Дарахт, бута, ўсимликларнинг барг ширасини сўриб зарар келтиради. Айрим турлари ўсимлик поясига тухум қўйиш (100-200 дона) даврида унинг ўтказувчи найларини тилиб шикастлайди. Натижада ўсимликнинг айрим қисмлари нобуд бўлади. Саратоннинг кўп турлари ҳар хил вирусли касалликларни тарқатиши мумкин. 10 дан ортиқ тури ғўзага зарар етказади. Айниқса, сариқ жизилдоқ хавфли. Кураш чоралари: зараркунанда личинкалари улғаядиган макон (янтоқзор, қизилмия чакалаклари)ни йўқ қилиш, экинларга заҳарли дустлар, инсектицидлар билан ишлов бериш[1].

Манбалар

  1. ↑ ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил