Сарв (Cупрессус) — сарвдошлар оиласига мансуб игна баргли ўсимликлар туркуми, бир уйли, доим яшил манзарали дарахт ва буталар. Евросиё, Шимолий Америка, Шимолий Африка, Жан.Шарқий Осиёнинг субтропик минтақаларида 15 тури тарқалган. Қрим, Кавказ ва Ўрта Осиёда 11 тури машарали дарахт сифатида ўстирилади. Бўйи 30 м дан ортиқ, танасининг диаметри 50— 60 см, 200—300 йил, баъзи маълумотларга кўра 2000-йилгача яшайди. Уруғ куртаги кўп. тўпгули 2-йили етилади. Игнабарглари яшил ёки ҳаворанг. Пўстлоғи қалин, қорамтирқўнғир. Кўпроқ доим яшил С. турининг пирамидасимон (С. семпервиренс) хили кўп экилади. Манзарали боғдорчиликда экиладиган хиллари кўп. Уруғидан, манзарали хиллари қаламчасидан ва пайванд қилиб кўпайтирилади. Игнабарглари ва новдаларидан тиббиётда қўлланиладиган эфир мойи олинади. С. турларидан иҳота ўрмонлар, истироҳат боғлари барпо этишда фойдаланилади. Ёғочи мебел саноатида ишлатилади. Чиройли шаклда ўсиши туфайли Шарқ шеъриятида мажозий маънода сарвқомат ёр образини тасвирлашда кўп қўлланган.

[1]

Манбалар

  1. ↑ ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил