Сатира (лотинча: сатира — қурама) — комиклик тури, тасвир обектини аёвсиз кулги воситаси орқали англаш. Воқеликни бадиий акс эттиришнинг ўзига хос усули бўлиб, унда жамиятдаги бемаъни, асоссиз, нотўғри ҳодисалар, иллатлар фош қилинади. Воқеаларнинг реал кўринишини ўзгартириб, ошириб, бўрттириб, муболаға қилиш, кескинлаштириш ва шартлиликнинг бошқа кўпгина турлари ёрдамида яратилган образ орқали Сатира обектига „ишлов“ берилади. Сатира муаллифи комикликнинг бошқа турларидан (юмор, ҳикоя ва бошқалар) ҳам фойдаланиши мумкин, бироқ сатира учун салбий тус бериб, кескин ифодаланган эстетик обект характерли ҳисобланади.

Сатира Қадимги Римда лириканинг фош қилувчи жанри сифатида тан олинган. Кейинчалик ўзининг жанрий хусусиятларини йўқота бориб, кўпгина жанрлар (масал, эпиграмма, бурлеска, памфлет, фелетон, комедия ва сатирик роман)нинг ўзига хос хусусиятини белгиловчи адабий жинсга ўхшаб қолади. Сатира ижтимоий курашнинг энг муҳим воситаси бўлиб, унга тарихий шароит, миллий ва ижтимоий тараққиёт фаол таъсир кўрсатади. Сатиранинг маънавий таъсир кучининг ўткирлиги унда инкор қилувчи кулгу орқали яратилган идеалнинг умумхалқ ва универсал бўлиши билан белгиланади. Сатиранинг эстетик вазифаси тубанлик, нодонлик ва бошқа ижтимоий иллатларга қарама-қарши тарзда кишиларда юксак инсоний туйғуларни уйғотиш ва қайта тиклашдан иборат. Сатирада муаллифнинг индивидуаллиги кулгу остига олинган обект ҳақида муросасиз фикр айтиш, унга аниқ ғоявий муносабат билдириш орқали намоён бўлади.

Сатирик анъаналар Шарқ халқлари ижодида қадимдан мавжуд. Жаҳон маданиятига ҳисса бўлиб қўшилган ва Шарқ адабиёти шуҳратини кенг ёйган асарлар дастлаб фолклорда „Минг бир кеча“ заминида, санскритча „Панчатантра“, форсча халқ қиссалари, туркуми, Насриддин ҳақидаги турк ва ўзбек латифалари асосида яратилган. Китобий (ёзма адабиётдаги) сатиралар ҳам Шарқда кўпдан машҳур. Унинг ғоялари хитой новеллалари, форс адабиёти рубоийлари ва ҳинд қиссалари мотивлари билан суғорилган. Рус адабиётида Н. В. Гогол, М.Е. Салтиков-Шедрин ва бошқалар сатирани юксак босқичга кўтардилар. Ўзбек адабиётида сатиранинг илк намуналари дастлаб халқ ижодида (терма ва айтишувлар, Насриддин Афанди, Алдар кўса образларида) яратилган, кейинчалик ёзма адабиётда тараққий этган. Навоий, Турди, Махмур, Гулханий, Ҳозиқ, Муқимий, Завқийлар сатира жанрида ижод қилдилар. Сатиранинг кейинги тараққиёти Ҳамза, Қодирий, Ғози Юнус, Сўфизода, Ғафур Ғулом, Абдулла Қаҳҳор, Саид Аҳмад, Н. Аминов, С. Сиёев ва бошқа номи билан боғлиқ. Сатира тасвирий санъатда ҳам қадимдан маълум. Қадимги Рим, Хитойда сатирик терракота ҳайкаллар, вазаларга сатирик тасвирлар ва бошқа ишланган. Рассомлик санъати (жумладан, графика)да ривожланган. Ф. Гойя, О. Доме, Х. Бидструп ва бошқа рассомлар ижоди сатира ривожида муҳим рол ўйнаган. Ўзбекистонда сатира тараққиётига „Муштум“ журнали, „Жанговар қалам“, „ЎзТАГ ойнаси“ катта ҳисса қўшган.

Этимологияси

Сатира сўзи лотин сўзидан келиб чиққан сатур ва кейинги ибора ланх сатура. Сатур „тўлиқ“ деган маънони англатади, аммо ланх билан ёнма-ён туриш маънони „турли хил ёки аралаш“ га ўзгартирди: ланх сатура ибораси сўзма-сўз „турли хил мевалардан иборат тўлиқ таом“деган маънони англатади.[1]

Яна қаранг

Манбалар

  1. ↑ Кҳарпертиан, Тҳеодоре Д (1990), „Тҳомас Пйнчон анд Постмодерн Америcан Сатире“, ин Кҳарпертиан (муҳ.), А ҳанд то турн тҳе тиме: тҳе Мениппеан сатирес оф Тҳомас Пйнчон, 25–7-бет, ИСБН 9780838633618. Ҳоwевер, тҳе усе оф тҳе wорд ланх ин тҳис пҳрасе ис диспутед бй Б. Л. Уллман, Сатура анд Сатире (Wайбаcк Мачине сайтида Май 5, 2021, санасида архивланган) (Cласс. Пҳил. 1913).
  2. ↑ ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил