Савоб (араб. — яхшилик, эзгулик, ажр) — диний эътиқодга кўра, худонинг марҳаматига лойиқ иш ва шундай иш учун худонинг марҳамати. Инсоннинг хатти-ҳаракати ва фаолияти яхшилик ва ёмонликдан иборат бўлиб, бу исломда С. ва гуноҳ деб аталади. Исломга кўра, диний кўрсатмаларни бажариш, инсон манфаати йўлида фаолият кўрсатиш кабилар С. ҳисобланиб, инсоннинг иш китоби (номаи аъмоли)га фаришта воситаси билан ёзиб борилади. Охиратда инсонларнинг С. ва гуноҳлари тарозуда тортилиб, натижалар Аллоҳнинг ҳукмига ҳавола этилади. Лекин, ҳадиси шарифда таъкидланишича, инсоннинг ҳар қанча С. ишлари жаннатга киришга етарли бўла олмайди. Унга кириш Аллохнинг фазли, марҳамати ва эҳсони ҳисобланади. Аллоҳ кўп С.ли ишлар қилган бандаларнинг жаннатдаги даражаларини баланд қилади. С. сўзи барча яхши ва эзгу ишларга нисбатан ҳам ишлатилади.[1]

Манбалар

  1. ↑ ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил