Сайфи қудаш (тахаллуси; асл исм-шарифи Қудашев Сайфи Фаттахович) [1894.21.9 (3.10) Бошқирдистон Республикаси, Чишма тумани Кляшево қишлоғи —1994] — Бошқирдистон халқ шоири (1964). Уфадаги "Олия" мадрасасида таҳсил олган. Сўнг Қозоғистонда ўқитувчи бўлиб ишлаган. Ижоди 1913-йилдан бошланган. Дастлабки шеърларида бошқирд халқи чеккан азоб-уқубатлар туфайли мустамлакачиларнинг зулм ва зўравонлигига қарши норозилик ("Мен яшаган муҳит", "Дунё", "Качон тугайди?" ва бошқалар), ҳақ-ҳуқуқсиз хотин-қизлар қисматига хайрихоҳлик ("Салима", "Бечора Муслима" ва бошқалар) оҳанглари ўз ифодасини топган. "Озодлик қўшиғи" (1917), "Омоч қўшиғи" (1926), "Кураш қаҳрамони" (1928), "Республика куйлайди" (1940), "Чин қалбдан" (1944), "Севгим" (1956), "Япроқлар тўкилганда" (1960), "Менинг боғчамда" (1964), "Шеърлар" (1974) сингари ҳаёцеварлик ғоялари билан суғорилган шеърий тўпламлар, бошқирд халқининг совет давридаги ҳаётини тасвирлашга бағишланган "Чаманзорда" нида" (1920), "Хат" (1930) достонлари, "Қўшқайин" (1936) шеърий романи ва "Ёшлик изидан" (1964) хотиралар китоби муаллифи. "Баҳорни қаршилаганда" тарихий биографик қиссаси (1954) А. Тўқай ва М. Ғафурийнинг дўстлиги тарихига бағишланган. "Хотирга келган дақиқалар" китоби (1957) ушбу қиссанинг давоми бўлиб, ундан Бошқирдистон, Татаристон ва Қозоғистоннинг 1910—30 йиллардаги адабий ҳаётига оид хотиралар ўрин олган. С Қ. Ғафур Ғулом каби ўзбек шоирлари билан яқин ижодий алоқада бўлган. Айрим шеърлари ўзбек тилига таржима қилинган.[1]

Манбалар

  1. ↑ ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил