Сенсуализм (лот. сенсус — сезги, ҳис) — билиш назариясида сезгиларни билишнинг асосий манбаи деб эътироф этувчи йўналиш. Билишнинг моҳиятини сезги органларининг фаолиятига боғлаб тушунтиради. С. рационализмга қарамақарши бўлиб, ҳиссий ва рационал билимларнинг ўзаро алоқадорлиги, имкониятларини ўзича талкин этади. С. вакиллари билимлар одамга тугма равишда берилмаган, у ҳаётий тажриба давомида шаклланиб, ривожланиб боради, деб ҳисоблайди, илмий билиш жараёнида индуктив хулоса чиқаришни дедуктив хулоса чиқаришдан устун қўяди. С.нинг "ҳисларда бўлмаган нарса аклда бўлмайди" деган асосий тамойилига ҳиссий билишлар обектив дунё билан боғлиқ деб ҳисоблаган материалистлар (П.Гассенди, Т. Гоббс, Ж.Локк, К.Гелвеции, Д.Дидро, П. Голбах ва бошқалар) ҳам, ҳиссий билиш ташқи дунё билан боғланмаган, ўз-ўзидан мавжуд соҳа деб билган идеалистлар (Ж.Беркли, Д.Юм) ҳам қўшилганлар. Шарқ фалсафаси, хусусан, Форобий ва Беруний асарларида ҳам сенсуалистик фикрлар мавжуд. С. шунингдек, гедонизм, утилитаризм, эмотивизмаа намоён бўлади. ХХ аср фан фалсафасида ҳам С.нинг эмпиризм йўналишидаги талқинлари учрайди.[1]

Манбалар

  1. ↑ ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил