Сепкисой – Самарқанд вилоятининг ғарбида Қашқадарё ҳавзасидаги дарё. 1100 м баландликдаги булоқдан бошланади. Юқори оқимида Жиничка номи билан маълум. Қашқадарёгача етиб бормайди. Хонуй қишлоғидан 2 км шимоли-ғарбда тугайди. Узунлиги 39 км, ҳавзасининг майдони 180 км². Қорёмғир сувларидан тўйинади. Ингичка шаҳарчаси ёнида кўп йиллик ўртача сув сарфи 0,36 м³/сек., оқим модули 2 л/сек, км². Ўртача йиллик сув сарфи 1,13 м³/сек.дан (серсув йилда) 0,025 м³/сек.гача (камсувли йилда) ўзгаради. Сув тошқини феврал ўртасидан бошланади. Сувнинг энг кўп суткалик сарфи шу ойда (баъзида мартда) кузатилади. Сув тошқини апрел бошларида тугайди. Октябр—декабрда (ҳар йили эмас) ёмғир сувлари тўпланиб қолади. Ингичка шаҳарчасидан пастрокда дарё суви экин майдонларини суғоришга сарфланади ва Сепки қишлоғидан пастда қуриб қолади.[1]

Манбалар

  1. ↑ ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил