Сервис (инглизча: сервиcе — „хизмат“) — жисмоний ва юридик шахсларга, умуман кенг аҳолига хизмат кўрсатиш; ишлаб чиқариш техника мақсадларидаги маҳсулотларни, маданий-маиший, хўжалик ва бошқа саноат маҳсулотларини сотиш ҳамда уларни ишлатиш билан боғлиқ бўлган хизмат кўрсатиш соҳалари. Сервис техника воситалари, маиший-рўзғор аппаратураси, коммунал техникани созлаш ва таъмирлашга нисбатан ҳам қўлланади. Сервис нинг қуйидаги турлари мавжуд: сотувга қадар ва сотувдан кейин сервис (кафолатли, кафолатдан кейинги). Сотувга қадар сервис маҳсулотларни ташиш вақтида содир бўлган нуқсонларни бартараф этиш, товарни иш ҳолатига келтириш, товарнинг ишлашини ҳаридорларга намойиш этиш ва бошқаларни камрайди. Сотувдан кейинги (кафолатли) сервис товарнинг нормативтехник ҳужжатида ёки шартномада шартлашилган муддатларда юз берган нуқсонларини ўз вақтида бартараф этишдан иборат. Бунга ҳаридорни буюмни ишлатиш қоидалари билан дастлабки таништиришни киритиш мумкин. Кафолатли сервис хизмати ҳаражатлари сотиш нархига киритилгани учун бундай хизматлар текинга кўрсатилади. Кафолат муддати ўтгандан сўнг сервис созлаш ва зарур қисмлар билан таъминлаш, буюмдан фойдаланиш бўйича маслаҳат бериш ва бошқалар, одатда, шартнома асосида ҳақ олиб амалга оширилади[1].

Манбалар

  1. ↑ ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил