Сейсмоген зоналар - кучли зилзилалар бўлиб турадиган худудлар. Ер пўстидаги кучланишлар таъсирида ўзгараётган фаол геологик структура узилишларидан ташкил топади. Бу зоналарда тектоник ҳаракатларнинг муайян даврида юқори магнитудали ер қимирлашлар содир бўлади. Сейсмоген зоналар аввал ҳосил бўлган зилзила ўчоқлари, эпицентрлари, плейстосейм майдонлари ва улар билан боғлиқ бўлган сейсмоузилмалар, сейсмодеформация қолдиқлари, келажакда кучли тебраниш манбаи шаклланиш эҳтимоли бор ҳудудларни ўз ичига олади. Сейсмоген зоналар ер ости чуқур қатламларида бўлаётган геодинамик жараёнларни ва бу қатламларни ташкил этган жинсларниг тузилишини, уларга таъсир этадиган тектоник хусусиятларни, шунингдек, қайси жойларда зилзила хавфи юқори бўлиши мумкинлигини, кучли ва кучсиз ер қимирлашлар келиб чиқиш қонуниятларини ўрганиш натижасида аниқланади. Катта кучга эга бўлган зилзила ўчоғи муайян геологик муҳит билан боғланган сейсмоген узилишларда шаклланади ва тектоник ҳаракатларнинг фаоллашуви пайтида тебраниш манбаларига айланади. Кучсиз зилзилалар ҳамма ерда тоғ жинсларининг дарз кетишидан пайдо бўлади. Кучли зилзила ҳар гал янги жойда, яъни Сейсмоген зоналардаги маълум бўлган ер қимирлаш ўчокларининг давомида ёки улар орасидаги сейсмоген узилмаларда содир бўлади. Зилзила кучи узилмаларнинг каттакичиклигига, уларда бўладиган тектоник ҳаракатлар амплитудаси, тезлигига боғлиқ. Сейсмоген зоналарда геодинамик жараённинг тез ривожланиши натижасида ер қимирлаш манбаидаги йиғилган тектоник кучланишлар сейсмик тўлқинлар энергиясига айланади. Шу сабабли, Сейсмоген зоналарни кучли зилзилалар генератори дейиш мумкин. Ўзбекистон ҳудудида кучли зилзила ўчокларининг шаклланиши эҳтимоли бўлган Сейсмоген зоналар консепсияси илк бор яратилди.

Сейсмотектоник шароитларга қараб сейсмик хавф бўлган ҳар бир ҳудудда битта ёки бир нечта Сейсмоген зоналар бўлади. Улар ҳозирги замон тектоник ҳаракатларнинг фаол сейсмоген узилмаларининг ўлчами, зилзилаларнинг параметрлари (магнитудаси, чуқурлиги, интенсивлиги ва бошқалар) га бўлинади. Ўзбекистонда ишлаб чиқилган Сейсмоген зоналар консепсиясига кура, улар 3 тоифадан иборат. Биринчи тоифали Сейсмоген зоналарда магнитудаси 7,5, интенсивлиги 9 балл, иккинчисида — магнитудаси 6,5, интенсивлиги 8 балл ва учинчисида — магнитудаси 5,5, интенсивлиги 7 баллгача зилзилалар содир бўлади. Изланишлар натижасида биринчи марта Сейсмоген зоналарнинг янги типдаги харитаси тузилди (561бетдаги схематик харитага қ.). Ўзбекистоннинг шарқи ва унга ёндош ҳудудлар учун тузилган бу харита 1976-йил эълон қилингандан кейин 1977-йилда 8 балли ИсфараБоткен, 7 балли Ҳайдаркон, 7 балли Товоқсой, 1980-йилда 7 балли Конибодом, 8 балли Назарбек, 1982-йилда 8 балли Чимён, 1984-йилда 8 балли Поп ва 1985-йилда 8 балли Қайроққум, 1988-йилда 7 балли Шомодси, 1990-йилда Ўзган, 1992-йилда 8 балли Избоскан зилзилалари содир бўдди. Уларнинг жойи, кучи ва магнитудаси башоратга тўла мос келди. Сейсмоген зоналар консепсияси асосида Ветнам, Лаос, Яман мамлакатлари ва Туркиянинг Эгей системаси грабенлари учун сейсмик раёнлаштириш хариталари тузилган, шунингдек, АҚШнинг зилзилаларни ҳалокатли окибатларини камайтириш дастурида ҳам ўз аксини топди.

Адабиёт

  • Ибрагимов Р.Н., Сейсмогенниэ зони Восточного Ўзбекистана и сейсмичниэ раёнирование, М., 1976.[1]

Манбалар

  1. ↑ ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил