Shahar

Шаҳар қишлоққа нисбатан катта ва доимий аҳоли пунктидир. Кўп шаҳарларга маҳаллий қонунчилик алоҳида маъмурий, қонуний ёки тарихий мавқеъ беради.
Масалан, Ўзбекистоннинг Тошкент шаҳри вилоят ва вилоят марказларидан алоҳида мавқеъга эга. Европада эса тарихан шаҳар сифатида ўз собори бор ҳар қандай аҳоли пункти қаралган.

Шаҳарлар одатда мураккаб санитария, йўл ва кўча, турар-жой ҳамда транспорт тизимига эга бўлади. Аҳолиси сони миллиондан ошадиган шаҳарлар мегаполис дейилади; шаҳар ўсиб, бошқа шаҳарларга еца ва уларни ўзига қўшиб олса, бу шаҳар мегалополисга айланади.
Шаҳар — аҳолиси, асосан, саноат, савдо, шунингдек, хизмат кўрсатиш, бошқарув, фан ва маданият соҳаларида банд бўлган йирик аҳоли манзилгоҳи. Шаҳар — бевосита қишлоқ хўжалиги билан банд бўлмаган аҳоли тўпланган марказ. Шаҳар атрофидаги туманлар учун маъмурий ва маданий марказ бўлибгина қолмай, балки уларнинг жойлашиши ва ўсишига ҳам катта таъсир кўрсатувчи омил ҳамдир. Аҳоли пунктларига Шаҳар мақоми берилиши учун аҳоли сони, бажарадиган функсияси: саноат ишлаб чиқариш, ташкилий-хўжалик, маданий-сиёсий, маъмурий ва ҳоказо бош мезон бўлиб ҳисобланади. Аҳоли манзилгоҳларини Шаҳар тоифасига ўтказиш маълум қонуний тартибда амалга оширилади ва чегараси белгиланади. Турли мамлакатларда Шаҳар мақомини олиш мезони турлича, мас, Дания ва Испанияда аҳоли сони 250 киши, Грузия ва Туркманистонда 5 минг, Тожикистон ва Қирғизистонда 10 минг, Россияда 5—12 минг, Японияда 25 минг киши бўлиши керак. Ўзбекистонда 7 мингдан юқори бўлиши талаб этилади. Аҳоли сонига кўра, Шаҳарлар кичик (50 минггача), ўрта (50—100 минг) ва катта (100 мингдан ортиқ) бўлади. Ўзбекистонда 120 шаҳар, 113 та шаҳарча бор. Шундан 17 таси катта шаҳарлар (Тошкент, Самарқанд, Наманган, Андижон, Бухоро, Қўқон, Фарғона, Нукус, Қарши, Урганч, Олмалиқ, Ангрен, Чирчиқ, Навоий, Марғилон, Термиз, Жиззах), 16 таси ўрта ва қолганлари кичик шаҳарлар. Шаҳарлар бажарадиган вазифаларига кўра — пойтахт, саноат, транспорт, туризм, рекреация, дин, фан ва илмий текшириш марказларига бўлинади. Шунингдек, республикага бўйсунувчи, мухтор республика, вилоят, туманларга бўйсунувчи Шаҳарларга ажратилади.
Шаҳар аҳолиси бутун жаҳон аҳолисининг 47,5% дан ортиғини ташкил этади. БМТда қабул қилинган терминологияга мувофиқ, 8 млн. ва ундан ортиқ аҳолиси бўлган Шаҳарлар — мегашаҳар деб юритилади. Бундай Шаҳарлар Ер юзида 1950-йилда 2 та, 1995-йилда 22 та, ҳозирги кунда 25 дан ортиқ. Бир ёки икки Шаҳар атрофида Шаҳар ва шаҳарчаларнинг зич жойлашиши Шаҳарлар агломерацияси дейилади. Энг йирик Шаҳар агломерациялари: Токио, Ню-Ёрк, Мумбай, Шанхай, Мехико, Сан-Пауло ва бошқалар Ўзбекистонда Тошкент, Фарғона — Марғилон, Самарқанд, Андижон, Наманган ва бошқалар Шаҳар агломерациялари шаклланмоқда. Бир неча Шаҳар агломерациялари қўшилиб, мегалаполис ёки мегаполисларни ташкил қилади. Ҳозирги Босваш, Токайдо ва бошқалар мегаполислар бор. Баъзан йирик Шаҳарлар ёнида йўлдош шаҳарлар вужудга келади.
Тарихи
Шаҳарлар ибтидоий жамоа давридан синфий жамиятга ўтишда ҳунармандчилик ва савдосотиқ деҳқончиликдан ажралиб чиқиш даврида пайдо бўлган. Ҳунарманд ва савдогарлар муқим истиқомат қила бошлаган жойлар гавжумлашиб, Шаҳарларга айлана бошлаган. Дастлабки Шаҳарлар мил. ав. 5—3 минг йилликларда Шарқда — Месопотамия, Марказий Осиё регионида ҳамда Ҳиндистон, Хитой ва бошқалар мамлакатларда вужудга келган. Бу ерларда мавжуд қулдорлик давлатларининг пойтахт Шаҳарлари энг тараққий қилган даврда ҳар бирида тахминан 100 мингларча аҳоли яшаган. Юнонистонда давлат тузуми аристократик ёки демократик республика бўлган шаҳардавлатлар (полис) айниқса ривожланган. Шарқ мамлакатларида ҳарбий истеҳкомлар асосида шаҳарлар сони орта борди. ХИИИ асрда мўғул истилочиларининг босқинчилиги натижасида Ўрта Осиё, Закавказе ва бошқалар жойлардаги кўп Шаҳарлар вайрон этилди. Темурийлар даврида эса Мовароуннаҳр ва Хуросонда бир қанча Шаҳарлар, хусусан, Самарқанд, Бухоро ва Ҳирот равнақ топди. Европа мамлакатларида Шаҳарлар Шарқ мамлакатларига нисбатан кечроқ пайдо бўлди. Шаҳарларда саноат ишлаб чиқариш марказлашиб, Шаҳар аҳолиси жадал ўса бошлади, ривожланган мамлакатларда Шаҳар аҳолиси салмоғи бутун мамлакат аҳолисининг 70—80% ни ташкил этди.
Урушлар, табиий офатлар натижасида жуда кўп Шлар вайрон бўлади. Айни вақтда ер ости фойдали қазилмаларининг очилиши ва уни қайта ишлаш корхоналарининг қурилиши (Ангрен, Олмалиқ, Янгиобод, Зарафшон, Муборак, Навоий), янги ерларнинг ўзлаштирилиши (Янгиер, Гулистон, Косон, Шеробод), йирик сув иншоотлари ва электр стяларнинг қурилиши (Ширин, Каттақўрғон, Тахиатош) муносабати билан янги Шлар ташкил топади ва ривожланади (қаранг Шаҳарсозлик).
Шаҳарни бошқариш
Ўзбекистон Республикасида шаҳрини ҳоким бошқаради. Унинг ваколат муддати 5 йил. Тошкент Шаҳари ҳокими Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан тайинланади ва бу масала тегишли халқ депутатлари кенгашлари томонидан тасдиқланади. Бошқа шаҳар ҳокимлари юқори турувчи ҳоким томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимдан озод қилинади. Ҳокимларнинг чиқарган ҳужжатлари шу ҳудудда бажарилиши шарт. Ҳоким фақат ўзининг қарорларигина эмас, ўзи раҳбарлик қилаётган органларнинг қарорлари ва фаолияти учун ҳам шахсан жавобгардир.
| Викиомборда „Шаҳарлар“ мавзуси бўйича медиафайллар бор. |
| Ушбу мақолада Ўзбекистон миллий энсиклопедияси (2000-2005) маълумотларидан фойдаланилган. |
| Географияга оид уşбу мақола çаладир. Сиз уни бойитиб, ЗиёСферага ёрдам бериşингиз мумкин. |