Шаҳарча — маъмурий-ҳудудий бирлик, шаҳар аҳоли манзилгоҳлари типларидан бири. Шаҳарчалар дунёнинг барча мамлакатларида ҳам мавжуд эмас. Ўзбекистонда яқин вақгларгача мазкур аҳоли манзилгоҳлари шаҳар типидаги посёлкалар дейилган. Манзилгоҳларга Шаҳарча мақоми берилиши учун саноат корхоналари, темир йўл стансиялари ва бошқалар муҳим иқтисодий объектлар ёнида жойлашган ҳамда аҳолиси камида 2000 киши бўлиши ва уларнинг 2/3 қисмини ишчи, хизматчилар ва уларнинг оила аъзолари ташкил этиши лозим. Шунингдек, аҳолиси 500 кишидан иборат бўлган, бироқ истиқболли ёки узоқ раёнларда жойлашган муҳим аҳоли манзилгоҳлари ҳамда аҳоли 2000 кишидан кам бўлмаган дам олиш ва даволаниш масканлари бўлган (рекреация аҳамиятли) турар жойлар ҳам Шаҳарчаларга киритилади. Уларнинг вилоятлар бўйича тақсимланиши ҳам бир хил эмас: Тошкент вилоятида — 18, Қорақалпоғистон Республикасида — 16, Самарқанд вилоятида — 12, Наманган вилоятида —11, Фарғона вилоятида — 10, Жиззах вилоятида — 8, Навоий, Сурхондарё ва Хоразм вилоятларида — 7 тадан, Сирдарё ва Андижон вилоятларида — 5 тадан, Қашқадарё вилоятида — 4, Бухоро вилоятида —8 шунингдек, Тошкент шаҳри кенгашига қарашли 1 та Шаҳарча (Улуғбек) бор. Шаҳарча аҳолиси шаҳар аҳолисининг 11,6% (1087 минг) ни ташкил этади (2003). Шаҳарчалар аҳолиси сони бўйича ҳам ўзаро фарқ қилади. Энг кичик Шаҳарча — ҚублаУстюрт (Қўнғирот туманида) аҳолиси 0,7 минг киши бўлса, энг катта Хонқа Шаҳарчаси аҳолиси 35,9 минг киши. Шаҳарчалар, асосан, қишлоқ туманлари маркази вазифасини бажаради. Шунингдек, кончилар (Ғозғон, Қоратов, Полвонтош, Оламушук, Ингичка ва бошқалар), саноат корхоналари (Кимёгарлар, Искандар, Олтиариқ ва бошқалар), темир йўл стансиялари (Ховос, Олтинкўл, Янги Марғилон ва бошқалар), илмий тадқиқот интлари (Улуғбек) Шаҳарчалари мавжуд.