Шайх (араб. — кекса, оқсоқол; қабила, уруғ, оила оқсоқоли) — ислом дини тарқалган мамлакатларда аввало билимдон кишиларга, сўнгра уламолар, фақихларга берилган ном. Кейинчалик сўфийлик тариқатидаги пирлар, эшонлар, муқаддас жойларнинг мутасаддилари ҳам Шайх деб юритилган. Арабларда исломдан илгари уруғ, қабила бошлиқлари, катта патриархал оила оқсоқоллари Шайх деб аталган. Мусулмон мамлакатларида ҳозир Шайх олий диний мактабларнинг мударрислари ва йирик уламоларга нисбатан қўлланади. Тариқатда эса шу йўлга кирган кишиларни тариқатни сайру сулук асосларига кўра вояга етказиш ва уларни синаш ҳуқуқига эга шахс. Шайх бундан ташқари муршид, халифа ва ота деб ҳам аталиши мумкин.[1][2][3][4]

Манбалар

  1. ↑ Алишер Навоий. Насоимул муҳаббат. -Т.: 650-651.
  2. ↑ Н.Комилов. Тасаввуф. -Т.: Мовароунннаҳр, 2000.
  3. ↑ Тримингэм Дж. С. Суфийские ордены в исламе. - М.: Наука, 1989.
  4. ↑ У.Турар. Тасаввуф тарихи. -Т.: Истиқлол, 1991

Ҳаволалар

  • Н.Тўйчиева, Исломшунослик қомусий луғат 278 б., Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси Тошент ислом университети Исломшунослик илмий-тадқиқот маркази. -Т.: «Мовароуннаҳр». 2014